Британия Москвадаги теракт баҳона Путин Украинага ҳужумни кучайтиришидан хавотирда  

Олам

image

Британия Россия Президенти Владимир Путин Москвадаги теракт баҳона Украинага қарши урушни кучайтиришидан хавотирда. Бу ҳақда "The Telegraph" нашри ўз манбаларига таяниб, хабар берди.

Гап шундаки, Москва яқинидаги "Крокус Сити Ҳолл"га қуролли ҳужумдан 19 соат ўтиб россияликларга мурожаат қилган Владимир Путин терактнинг барча тўрт ижрочиси Украина ҳудудида яширинишга ҳаракат қилгани ҳақида гапирган. Унинг сўзларига кўра, "улар учун Украина томонида чегарадан ўтиш учун туйнук тайёрланган".    

Нашрнинг ёзишича, яна Путин ҳужумчиларни "нацистлар" деб атаган, бу Кремлнинг "украиналик душманлари учун кўп ишлатиладиган кодли сўзидир". 

"The Telegraph"нинг Уайтхоллдаги номини ошкор қилишни истамаган юқори мартабали манбасининг айтишича "Россия Президентининг Москвадаги фожиали террорчилик учун Киевни балогардон қилишга уриниши бежиз эмас". Путин шу орқали Россиядаги урушга қарши ҳар қандай норозиликни сўндириб, халқни ўз йўриғига солишга уриняпти. 

Британия парламенти депутати, ташқи ишлар қўмитаси раиси Алисия Кернсга кўра, Россия оммавий ахборот воситалари аллақачон Украинани айблаш ва Путинни Украинадаги уруш жиноятларини ҳимоя қилишни бошлаб юборган.

Жумладан, ярим миллиондан ортиқ обуначига эга бўлган "Старше Эдди" ҳарбий Telegram-канали муаллифи терактни Россия қўшини ҳаракатларига жавоб деб атаган. Давлат думаси депутати Александр Хинштейн террорчи бошқарувидаги машина Брянск областининг Карачевский районида, Украина томонга олиб борувчи трасса бўйида жойлашган Хацун қишлоғида тўхтатилганини маълум қилган. Бу эса кўплаб каналлар орқали улашилган.

Россия ТИВ расмий вакили Мария Захарова ҳам террорчиларнинг Украинадан паноҳ топаётганини айтиб ўтган. У Украина "ғарбдаги либерал режимлар қўли билан ўн йил ичида Европадаги терроризм тарқалиш марказига айланиб, экстремистик заҳарланишда ҳатто Косовони ортда қолдиргани"ни таъкидлаган.

АҚШ расмийлари ҳам бундан хавотирда эканликларини айтиб, ҳужумда Киевни айблаш Москва учун урушнинг авж олишини оқлаш ёки фронтга кўпроқ россиялик ёлланганларни чорлаш эканини тахмин қиляпти.

Айни пайтда АҚШ ва Буюк Британия ҳужум ортида ИШИДнинг Афғонистондаги бўлими ҳисобланган "Хуросон вилояти ячейкаси" турганини иддао қилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Путин Украина уруш Британия ҳужум хавотир Москвадаги теракт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг