Бразилиялик футболчи “Реал”ни тарк этмоқчи
Спорт
−
24 Октябрь 1991 2 дақиқа
“Реал Мадрид” ҳужумчиси Эндрик бу мавсумда Хаби Алонсо бошчилигидаги жамоада бир дақиқа ҳам майдонга тушмаган ягона футболчи бўлиб турибди. Шу сабабдан, бразилиялик футболчи жамоадан кетиш имкониятларини ўрганмоқда. Бу ҳақда “Marca” нашри хабар берди.
Манбага кўра, Эндрикнинг асосий талаби кучли ва рақобатбардош Европа клубига ўтишдир. У, айниқса, Европанинг “кучли бешлик” лигаларидан бирида (Англия, Испания, Италия, Германия ёки Франция) тўп суришни хоҳлайди. Португалияга бориш варианти ҳам истисно эмас, бироқ бу фақат “Бенфика”, “Порту” ёки “Спортинг” каби мамлакатнинг энг кучли уч клубидан бири билан бўлиши керак. Шунингдек, янги жамоа халқаро мусобақаларда иштирок этиши лозим.
Эндрик ва унинг вакиллари ҳужумкор ўйин услубига эга, юқори амбицияли клубларни афзал кўришмоқда. У “Реал”даги ҳозирги вазият давом этса, 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Бразилия терма жамоасидан жой олиш имкониятини бой беришини яхши билади.
Мадрид клуби эса футболчини тўлиқ сотишдан кўра ижарага бериш вариантини кўриб чиқмоқчи. Ҳар икки томон ҳам қарор узоқ муддатли истиқболни ҳисобга олган ҳолда қабул қилиниши кераклигини тушунади.
Эндрик ёзда бир нечта жамоаларнинг таклифларини ўрганиб чиққан, ҳаттоки Испанияда “Реал Мадрид”нинг ўзи билан ҳам музокаралар бўлган, бироқ якунда трансфер амалга ошмаган эди.
Маълумот учун, Эндрик 2022 йилда “Палмейрас” клубидан “Реал Мадрид”га тахминан 60 миллион евро эвазига трансфер қилинган. Шартнома бўйича у 2024 йил ёзида 18 ёшга тўлгач, Мадрид клубига расман қўшилган эди.