Бразилияда автобус юк машинаси билан тўқнашиб, ёниб кетди. Қурбонлар бор (видео)
Олам
−
21 Декабрь
1193Бразилиянинг жануби-шарқидаги Минас-Жерайс штатида автобус енгил автомобиль ва юк машинаси билан тўқнашиб, ёниб кетди. Оқибатда 22 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда маҳаллий ёнғин ўчириш хизматига таяниб, CNN Brasil хабар берди.
Маълумотларга кўра, фожиа бугун, 21 декабрь куни эрталаб содир бўлган. Сан-Паулудан йўлга чиққан автобус енгил автомобиль ва юк машинаси билан тўқнашиб кетган, сўнгра ёнғин келиб чиққан. Автобус ичида жами 45 йўловчи бўлган.
“Улар (йўловчилар) орасидан 13 нафарини тирик ҳолда топишди ва ҳудуддаги тиббиёт муассасасига етказди. Ўт ўчирувчилар ёнғинни бартараф этиб, вайроналар ичидан 22 нафар ҳалок бўлганларнинг жасадини топишга муваффақ бўлди”, дейилади хабарда.
Ҳодиса автобуснинг бир ғилдираги ёрилиб кетгани сабабли юзага келгани айтилмоқда. Ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, юк машинасига урилган.
“Орқасидан келаётган енгил автомобиль ҳам автобус билан тўқнашган, аммо ичида бўлган уч йўловчи омон қолган”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, ўт ўчирувчилар қурбонлар сони кўпроқ бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Бразилияда сайёҳларни олиб кетаётган автобус жарликка қулаб тушиши оқибатида 23 йўловчи ҳалок бўлган эди.