Бразилия-Италия ўртасидаги кокаин контрабандаси тармоғи фош бўлди
Олам
−
11 Декабрь
427Бразилия ва Италия ҳукуматлари юк кемалари ва самолётлар ёрдамида кокаинни Жанубий Америкадан Европага олиб ўтишнинг олдини олишга қаратилган иккита қўшма операцияни амалга оширди. Бу ҳақда “Reuters” нашри хабар берди.
Терговчилар кўрсатган маълумотларга кўра, халқаро наркотик савдосида гумонланган жиноий гуруҳлар аъзоларининг Бразилияда 18 нафари, Испанияда эса 1 нафарига нисбатан ҳибсга олиш учун ордер берилган. Шунингдек, Бразилиянинг энг йирик жиноий тўдаларидан бири Primeiro Comando da Capital(PCC) га тегишли бўлган 12 та мулк блокланган. Италия полицияси эса беш кишини ҳибсга олган.
Маълум бўлишича, тегишли органлар Бразилиядаги еттита штатдаги манзилларда 46 та тинтув ва олиб қўйиш процессуал ҳаракатларини олиб борган. Ушбу операциялар давомида жаъми 36 киши ва 43 компаниянинг активлари музлатилган.
Бразилия бош прокуратураси берган маълумотларга кўра, ушбу кокаин транзити Primeiro Comando da Capital билан Италиянинг энг кучли мафия гуруҳи Ndrangheta ҳамкорлигида йўлга қўйилган.
Бразилия федерал полицияси ва бош прокуратурасининг ҳисоб-китобларига кўра жиноий ташкилот 2018-2022 йиллар давомида 330,4 миллион доллардан ортиқ молиявий операцияларни амалга оширган мураккаб пул ювиш тармоғига эга бўлган.
Бразилия ва Италия судлари ҳар икки мамлакат прокурорларининг сўровларидан сўнг 126 миллион реал (Бразилия пул бирлиги) қийматидаги активларни блокировка қилиш ва кўчмас мулкни мусодара қилишга қарор қилди.
Текширувлар шуни кўрсатадики, жиноий гуруҳ Бразилиянинг Паранагуа порти орқали катта миқдордаги кокаинни Испаниянинг Валенсия портига олиб кирган ва шу ердан бутун Европага тарқалган. Гиёҳванд моддалар керамика, санитария-гигиена буюмларига ёки ёғоч контаинерларига яширилган ҳолда ташилган. Шунингдек, кокаиннинг бир қисми хусусий самолётлар томонидан Бельгия аэропортларига ҳам олиб ўтилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 28 ноябрь куни ҳам Колумбия ҳуқуқ-тартибот идоралари ва уларнинг 62 давлатдаги ҳамкасблари томонидан ташкил қилинган “Орион” операцияси давомида кокаин олиб кетаётган олтита денгиз кемасини тўхтатилиб, жами 1000 тоннадан ортиқ марихуана ва 225 тонна кокаинни мусодара қилинган эди.
Диёржон Қувондиқов