БП Ўртасаройдаги карантин марказида ўзини осган фуқаро ҳақида янги маълумотлар берди

Жамият

image

Аввалроқ, Юқоричирчиқ туманидаги карантин марказида сақланаётган фуқаро ўзини осиб қўйгани ҳақида хабар берган эдик. Ҳолат бўйича суриштирув ишлари бошланганди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳолат бўйича суришитирув ўтказиб, натижаларни эълон қилди.

Аниқланишича, Фарғона вилоятида яшаган фуқаро С.С. жорий йилнинг 20 июнь куни “Ўртасарой” карантин марказида ўзи ётган хонага ўрнатилган кондиционернинг ташқи томондаги паррагига чойшаб билан номаълум сабабларга кўра ўзини осганлиги оқибатида вафот этган.

Иш ҳужжатларига кўра, С.С. 15 июнь куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” МАК томонидан ташкил қилинган чартер рейс орқали “Москва-Тошкент” йўналишида мамлакатга олиб келинган ва COVID-19 коронавирусига чалинган ёки чалинмаганлигини аниқлаш мақсадида Юқоричирчиқ туманидаги “Ўртасарой” карантин марказига жойлаштирилган ва ундан коронавирусга суртма олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан тушунтириш берган А.Э. жорий йилнинг 15 июнь куни чартер рейс орқали “Москва-Тошкент” йўналишида Ўзбекистонга келганлиги ва “Ўртасарой” карантин марказига олиб келинганлигини, шу куннинг ўзида 1 та хонага тўрт киши бўлиб киришганлигини, уларнинг бири яъни С.С. ўзини ёмон тутиб касалликка чалинганлигини айтиб улар билан туришни хоҳламаганлигини, ярим соатларча хонанинг ҳовлисида ўтирганлигини, шундан сўнг шифокорлар келиб у билан суҳбатлашиб, уни алоҳида хонага жойлаштирганлигини баён қилган.

Шунингдек, “Ўртасарой” карантин марказига хизматга келган, Тошкент шаҳар Олмазор туман кўп тармоқли марказий поликлиника шифокори Ш.М. нинг ҳолат юзасидан берган тушунтиришида фуқаро С.С. карантин ҳудудига жойлаштирилган кундан бошлаб ўзини агрессив тута бошлаганлигини, овқат ейишни хоҳламаганлигини, вирусга чалинганлигини айтиб у билан бирга жойлаштирилган шахсларга касаллигини юқтириши мумкинлигини ва улар билан бирга туришни хоҳламаган ҳолда бошқа контейнерга жойлаштиришларини талаб қилганлигини, шундан сўнг блокда тинчлик сақлаш мақсадида С.С. бошқа хонага  ўтказилганлигини, 16 июнь С.С. психиатр кўригидан ўтганлигини баён қилган.   

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Юқоричирчиқ туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Вирусология маркази томонидан тақдим қилинган йўлланма натижасига кўра С.С.да COVID-19 коронавируси аниқланмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

834

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг