Бозорни тартибга солишда божхона чекловларидан воз кечиш керакми – Икромов хулосаси
Жамият
−
30 Апрель 2020
4623Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов ҳозир Ўзбекистонда Жаҳон савдо ташкилотига киришда кенг имкониятлар мавжуд, деб ҳисобламоқда. Шунингдек, Икромов шу вақтда бошқаларнинг бозорларини эгаллаш лозимлигини айтмоқда. Бу ҳақда палата раиси журналистлар билан учрашувда таъкидалб ўтган.
Баҳодир Аҳмедов, QALAMPIR.UZ журналисти: Инқироз Ўзбекистондаги протекционизм, монополиялар масаласи ва Жаҳон савдо ташкилотига кириш каби масалаларни кўриб чиқиш учун қулай фурсат эмасми?
Адҳам Икромов, Савдо-саноат палатаси раиси:
“Биласизми, ҳозирги дунёда жуда кўплаб иқтисодчилар либерал савдога таянган иқтисодиётлар зарар кўрди дейишмоқда. Чунки Европа давлатларининг ҳам кўпчилиги протекционизмга ўтишни бошлади. Экспорт-импортда чекловлар қиламан деб протекционизм аксинча ривожланиб кетди.
Молиячилар айтишадики, нимадир сотиб олдингми, сен ҳам сот, нимадир сотдингми, сен ҳам сотиб ол. Шунинг учун биз Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги билан ҳамкорликда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масаласини кўриб чиқяпмиз. Биз Франция билан видеоконференция ўтказдик. Бизнинг ҳозир кўп бозорларни эгаллаб олишга имкониятимиз бор.
Биз мувофиқлаштирилган протекционизмда бўлишимиз керак. Бозорни тартибга солишда маълум қоидалар мавжуд. Бу қоидалар бўйича божхона ва божхонага оид бўлмаган чекловлар мавжуд. Биз бунда асосан божхона чекловларини қўллаймиз. Шу сабабли кўплаб танқидларга учраяпмиз. Товарлар олиб кирилишида божхона чекловлари эмас, сифат ва бошқа чекловлардан фойдалансак яхши бўларди. Масалан, Ҳиндистонда 150 минг тонна нўхат март ойидан октябрь ойигача олиб кириш мумкин. Бу ҳам протекционизм.
Бизникилар фақат божхона билан ишлашни хоҳлайди. Биз чекловларни сифатга, технологик стандартларга қараб белгиласак тўғри бўларди. Сифатли маҳсулотлар кирсин. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига, GSP+ каби ташкилотларга кириши керак. Чунки улар билан бирга бизга бутун дунё очилади. Биз ўзимизнинг товарларимиз эркин чиқиши учун ҳам мувофиқлаштирилган протекционизмни қўллашимиз керак. Бунда божхона чекловларидан фойдаланмаслигимиз лозим".