Божхонадан янгича усул: Тошкентда 132 минг қутидан зиёд тамаки йўқ қилинди

Бизнес

6 март куни давлат божхона хизмати органлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органлар билан ҳамкорликдаги тезкор тадбирларда қонунбузарлик ашёси сифатида олиб қўйилган ва суд қарорига асосан йўқ қилиниши белгиланган йирик миқдордаги тамаки маҳсулотларини кенг жамоатчилик иштирокида йўқ қилиш тадбири бўлиб ўтди. Божхона қўмитаси ва Мажбурий ижро бюроси бошчилик қилган тадбирда ана шундай контрабанда маҳсулотларининг 132 минг 180 қутиси оммавий равишда ёқиб юборилди.

Таҳлилларга кўра, маҳсулотларнинг ноқонуний айланмаси ҳажми 2024 йил январь ойида 19,4 фоизни ташкил этган бўлса, 2024 йилнинг декабрь ойига келиб бу кўрсаткич 9,6 фоизни ташкил этган.

“Бугун ўтказилаётган тадбиримизда божхона идоралари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар ҳамда божхона назорати жараёнида ноқонуний муомаладан олинган 132 мингдан ортиқ қути тамаки маҳсулотлари йўқ қилинмоқда. Ушбу тамаки маҳсулотларига эътибор қаратадиган бўлсак, уларни учта белгиси билан контрафакт ҳисоблаш мумкин, яъни акциз маркаси билан маркаланмаган, рақамли маркировка мавжуд эмас ҳамда ҳар бир қутида бўлиши керак бўлган тиббий огоҳлантириш ҳақидаги маълумотлар мавжуд эмас. Ушбу белгилар тамаки маҳсулотларининг сифатсиз ва контрафакт эканлигидан далолат беради”, дейди Божхона қўмитаси суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси бошлиғи Акромжон Аҳлимирзаев.

Аҳлимирзаев сўзини давом эттирар экан, ноқонуний йўллар билан Ўзбекистонга олиб кирилган тамаки маҳсулотлари қандай йўллар билан олиб ўтилганига тўхталиб ўтди.

“Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ноқонуний тамаки маҳсулотлари республикамиз орқали одатда транзит йўналишда олиб ўтилиб, қўшни давлатлардан кичик партияларда ташиб ўтиш ҳолатлари ва шу орқали келгусида уларни сотувга чиқариш каби ҳолатлар кўпроқ кузатилмоқда. Мана куни кеча бўлган ҳолатни мисол қиламиз. Бухоро вилоятининг Хўжа Давлат темирйўл пости орқали мамлакатимизга кириб келган 2 та вагон божхона ходимлари томонидан кўздан кечирилди. Демак, хориждан бизга импорт қилинаётган қурилишда ишлатиладиган тош маҳсулотлари орасида жуда кўп миқдордаги тамаки маҳсулотлари божхона назоратидан яшириб олиб ўтилаётгани фош этилди. Ушбу ҳолатда олинган барча маҳсулотлар бугунги йўқ қилиш жараёнида йўқ қилинмоқда. Тамаки маҳсулотлари билан боғлиқ ўнга яқин шундай ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича маҳсулотлар олиб қўйилган ва суд қарори ҳамда ижро ҳужжатлари асосида бугунги кунда йўқ қилинмоқда”, деди у.

Эътиборли томони шундаки, “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил” иқтисодиёт йили” муносабати билан бу галдаги йўқ қилиш тадбирида атроф-муҳитга ва инсонлар саломатлигига зарарли таъсирнинг олдини олиш ҳамда чиқиндилардан оқилона фойдаланиш мақсадида ўзига хос янгиликка қўл урилди. Тамаки маҳсулотлари ёқиб юборишдан аввал қоғоз ўровларидан ажратилди. Шундан сўнг қоғозлар қайта ишлаш учун топширилади.

“Бугунги тадбиримиз бироз ўзгачароқ ўтмоқда. Яъни йўқ қилиш усулимизга ўзгартириш киритдик. Кўриб турганингиздек, тамаки маҳсулотларининг ҳар бир қутиси қоғоз коробкаси ажратиб олинмоқда. Келгусида ушбу қоғоз қутилар чиқиндилари қайта ишлаш корхоналарига берилади. Бу орқали атроф-муҳитга камроқ зарар етказиш ва чиқиндилардан оқилона фойдаланишни мақсад қилганмиз”, дейди Божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи.

Йўқ қилинган тамаки маҳсулотлари неча ҳолатда ҳуқуқбузарлардан олиб қўйилганини биласизми? Рақамлар қанчалик катта бўлмасин, аммо шундай катта миқдордаги тамаки маҳсулотлари атиги 9 та ҳолатда ҳуқуқбузарлардан олиб қўйилган.

Бошқарманинг маълум қилишича, масалан, ёқиб юборилган сигаретлардан 76 минг 500 қути “Milano” номли хорижда ишлаб чиқарилган тамаки маҳсулотлари “Тошкент-АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси тезкор тузилмалари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда олиб қўйилган. Аввалдан кузатувга олинган фуқаро Б.К. муқаддам қўшни давлатлардан ноқонуний равишда олиб ўтилган умумий қиймати 1 млрд сўмлик мазкур сигаретларни келгусида ноқонуний ўтказиш мақсадида сақлаб келаётганлиги фош этилган эди. Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг ҳукми билан фуқаро Жиноят кодексининг 186-1-моддаси “Этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда муомалага киритиш ёки ишлаб чиқариш” 3-қисми “а” банди билан айбли деб топилиб, 7 йил-у 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Тамакиларни ёқиш жараёнидан сўнг журналистлар ва блогерлар иштирокида республикада тамаки маҳсулотларининг ноқонуний муомаласига чек қўйиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар юзасидан шу ернинг ўзида матбуот анжумани ташкил қилинди. Анжуманда Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Отабек Чориев, Суриштирув ва маъмурий амалиёт бошқармаси бошлиғи Акромжон Аҳлимирзаев ва бошқалар томонидан журналистларга батафсил ахборотлар тақдим қилинди.

Маълум қилинишича, божхона органлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар билан ҳамкорликда 2024 йилда аниқланган 512 та ҳолатда қиймати 61,6 млрд сўмлик 2,9 млн қути тамаки маҳсулотларининг божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйилган.

“Бугунги кунда тамаки маҳсулотларининг ноқонуний кириб келишига қарши курашишда божхона органларининг асосий вазифаларига мувофиқ иш олиб бормоқдамиз. Божхона органлари томонидан жорий йилда 137 та ҳолатда 9,3 млрд сўмлик 305 минг қути тамаки маҳсулотлари билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланган. Бу эса мамлакатимизга қонуний тамаки маҳсулотлари импортининг ўсишига олиб келди. 2024 йил охирига келиб, ушбу рақамлар 2023 йилга нисбатан саккиз бараварга ўсганини англатади. Олдинлари фақат иккитагина давлатдан тамаки маҳсулотлари импорт қилинган бўлса, энди бу рўйхатга Корея, Арманистон, Германия, Польша каби давлатлар ҳам қўшилган”, дейди Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Отабек Чориев.

Отабек Чориевнинг қўшимча қилишича, аксарият ҳолатларда республикамиз ҳудудидан транзит тарзида олиб ўтилаётган тамаки маҳсулотларини ички ҳудудда тушириб қолдиришга уринишлар нисбатан кўпроқ кузатилган. Ва ушбу ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2024 йил 30 октябрь куни “Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит олиб ўтишда божхона назоратини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 717-сон қарори қабул қилинган.
Қарорга биноан Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали тамаки маҳсулотлар транзитини амалга оширишда тўланиши лозим бўлган божхона тўловлари суммасини божхона органининг депозит ҳисобварағига қўйиш ҳамда республикадан олиб чиқилганидан сўнг мазкур маблағларни қайтариш амалиёти йўлга қўйилган.

“Импорт географиясининг кенгайиши ўз навбатида давлат бюджетига тушадиган божхона тўловларини ҳам анча оширди. 2000 йилга нисбатан божхона тўловлари қарийб ўн бараварга кўпайди, бу эса давлат бюджетига ундирилиши таъминланди. Бу барча саъй-ҳаракатлар, ноқонуний тамаки маҳсулотларига қарши курашишимиз натижасида фаолиятимизнинг қонуний тус олишига олиб келмоқда.
Мамлакатимизда учта миллий компания мавжуд бўлиб, улар томонидан тамаки маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Шу билан бирга, тамаки маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни қондириш учун тамаки маҳсулотларининг чиқарилиши йўлга қўйилган”, дейди Чориев.

Матбуот анжуманида Республика ихтисослаштирилган физиатрия ва пульмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори ўринбосари, пульмонолог Хайрулла Ражабов ҳам иштирок этиб, тамаки маҳсулотларининг инсон саломатлигига зарари ҳақида тўхталиб ўтди.

“Тамакининг салбий таъсири ҳақида гапирадиган бўлсак, чекиш инсон саломатлигига, асосан, ўпка касалликларига сабаб бўлади. Асосий ўпка касалликлари, яъни сурункали обструктив ўпка касалликларини етмиш беш фоиз ҳолларда чекиш омили сифатида қайд этилган. Бундан ташқари, чекиш нафақат ўпка касалликларига, балки ўпка раки касалликларига ҳам олиб келиши мумкин, чунки ўпка касалликларининг 90% чекиш сабабли ривожланади. Чекиш юрак-қон томир касалликларига, ошқозон ва ҳазм қилиш тизими касалликларига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Юрак касалликлари, хусусан юрак ишемик касалликлари, қон босимининг ошиши, яъни гипертония касаллигига сабаб бўлади. Буларга қўшимча равишда, ўткир юрак етишмовчилиги, миокард инфаркти ва инсульт каби касалликлар чекиш асоратидан келиб чиқади. Маълумотларга кўра, инсульт ҳолатларининг ёшлар орасида кўпайиши кузатилмоқда.

Ҳар бир тамаки маҳсулоти таркибида юздан ортиқ зарарли элементлар мавжуд бўлиб, улардан бири – никотин. Шу билан бирга, тамаки маҳсулотларини истеъмол қилиш жараёнида смола ҳосил бўлади, бу эса нафас йўлларига тушиб, уларни қоплаб, салбий таъсир кўрсатади. Нафас йўлларининг ўтказувчанлиги бузилиши туфайли бир қатор касалликлар юзага келади”, дейди мутахассис.
Барчага маълумки, тамаки маҳсулотлари инсон ҳаёти учун зарарлидир. Фактларга кўра, ундан чиққан тутуннинг тўртдан бир қисми, яъни 25 фоизи инсон организмида қолади. Қолган 75 фоизидан эса атрофидагилар зарар кўради. 

Мазкур ноқонуний сигареталарни ёқиш мобайнида улардан чиқадиган тутун атроф-муҳитни зарарлайдими, деган савол туғилади. Бошқарма масъулининг билдиришича, сигареталар ёқилаётган қозонларга махсус фильтрлар ўрнатилган. Улар чиқаётган тутундаги зарарли моддаларни ушлаб қолади. 

Шу ўринда тўхталиб ўтиш жоизки, юқоридаги барча маълумотлар ўтган 2024 йилда “йиғиштириб олинган” контрабанда маҳсулотларидир. Жорий йилда ҳам қанчадан қанча шундай ноқонуний йўллар билан олиб кирилган тамаки маҳсулотлари аниқланган. Хусусан, 2025 йилнинг шу даврига қадар 137 ҳолатда 305 минг қутидан ортиқ тамаки маҳсулотлари ушлаб қолинган. Албатта, ҳозирги кунда булар бўйича тергов ва суд жараёнлари давом этмоқда. Улар бўйича олинган ашёлар ҳам келгусида йўқ қилиниши назарда тутилади. 


Мақола муаллифи

Теглар

Тошкент тамаки Божхона

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг