Божхонада 450 минг долларлик контрабанда маҳсулотлари фош қилинди

Жамият 4114
image

Давлат божхона қўмитаси ва Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ҳамкорликда ўтказилган тадбирда ноқонуний фаолият билан шуғулланувчи жиноий гуруҳнинг кирдикорлари фош қилинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси Матбуот хизмати хабар берди.

Қўшни давлатдан Тошкент вилояти божхона бошқармасининг “Яллама” чегара-божхона пости орқали республикага кириб келган, қўшни давлат фуқароси бошқарувидаги юк автотранспорт воситасига тегишли ҳужжатлар кўздан кечирилган. Шунда республикадан гўёки транзит тарзида ўтаётган мазкур юк автотранспорт воситасига ортилган юкларнинг инвойс ҳужжатлари 2 хил бўлгани аниқланган.

Уларнинг бири республикага кириб келишда божхона органларига тақдим қилиш учун мўлжалланган бўлиб, унга кўра автотранспорт воситасига қиймати 17 минг АҚШ долларидан ошиқ бўлган 2482 дона телевизорлар ва 200 дона иссиқлик радиаторлари ортилгани қайд қилинган.

Аммо, чегарадан чиқиб кетиш давомида божхона органларига тақдим қилиниши лозим бўлган сохта инвойсда эса иссиқлик радиоаторлари 100 тага камайтириб кўрсатилган, телевизорлар ўрнига эса кулолчиликда қўлланиладиган материаллар, кўрпа-тўшаклар ва турли ғилофлар борлиги акс эттирилган.

Ҳужжатлардаги номувофиқликларга ойдинлик киритиш мақсадида мазкур юк автотранспорт воситаси белгиланган тартибда божхона кўригидан ўтказилганда, унга 4 турдаги 2680 дона чет элда ишлаб чиқарилган телевизорлар ортилгани аниқланган. Уларнинг умумий қиймати дастлабки ҳисоб-китобларга кўра 3 млрд 816 млн сўмни (454 минг 231 доллар) ташкил қилмоқда.

Демак, жиноий гуруҳнинг ҳийласига кўра республика ҳудудидан гўёки транизт тарзида ўтказилаётган мазкур телевизорлар аслида ички ҳудудда тушириб қолдирилиши ва уларнинг ўрнига чиқиб кетишда бошқа товарлар ортилиши режалаштирилган.

Жиноий гуруҳ аъзолари ушбу контрабанда махсулотларини республика ҳудудида тушириб қолдириш режаси фош қилинишининг олдини олиш мақсадида божхона ходимларини пора эвазига оғдиришга ҳаракат қилишади ва божхона ходимларига 9 минг АҚШ долларини пора сифатида таклиф қилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир нечта моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини ҳам фош қилиш ва уларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш юзасидан тезкор тадбирлар давом эттирилмоқда.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 59
Рейтинг: 1.9
t
×
×