Ботаника боғи шаҳар ҳокимлигига ўтказилмайди – Давактив

Жамият

image

Давлат активларини бошқариш агентлиги Ботаника боғининг Фанлар академияси тасарруфидан чиқарилиб, Тошкент шаҳар ҳокимлигига ўтказилиши бўйича расмий муносабат билдирди. 

Агентлик Ботаника боғининг ҳокимлик тасарруфига ўтказилиши ҳақида қарорнинг қабул қилинишига давлат маданият ва истироҳат боғларига тегишли бино-иншоотларнинг мол-мулки ва ер майдонларининг ноқонуний бегоналаштирилиш ҳолатлари аниқланганини сабаб қилиб кўрсатган. Шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, 12 та вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда республика ҳудудидаги барча маданият ва истироҳат боғлари хатловдан ўтказилган.

“Хатлов натижасида ҳудудлардаги 262 та боғлар 153 та ташкилотлар тасарруфида бўлиб, уларнинг айримлари ташландиқ ва қаровсиз ҳолга келиб қолгани, уларни бошқариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмаётгани аниқланди ва улардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди”, дейилади хабарда. 

Агентликнинг маълум қилишича, ушбу таклифлар қарор лойиҳаси кўринишида келишиш учун 11 та вазирлик ва идораларга, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига project.gov.uz портал орқали юборилган.

Шунингдек, давлат активларини бошқариш агентлиги Фанлар академиясининг эътирозидан сўнг, Ботаника боғининг шаҳар ҳокимлиги тасарруфига ўтқизилмайдиган бўлганини ҳам билдирди. 

“Фанлар академиясининг ушбу таклифи асосида “Ботаника” боғи қарор лойиҳасидан чиқарилган”, дейилади муносабатда.

Энди мазкур қарор лойиҳаси барча вазирлик ва идоралар, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қайта ишлаб чиқилади ва Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда юборилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фанлар академияси ушбу қарор лойиҳасига нисбатан норозилик билдирган ва ундан “Ботаника” боғини чиқариш бўйича ўз таклифларини project.gov.uz тизими орқали юборганди. 

Кейинроқ Тошкент шаҳар ҳокимлиги ўз муносабатида Ботаника боғи ҳокимлик тасарруфига олинмагани ва истироҳат боғига айлантирилмаслигини ёзганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ботаника боғи шаҳар ҳокимлиги

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made