Бош вазир маслаҳатчиси лавозимидан кетди
Жамият
−
23 Январь 2023
16472Бош вазир маслаҳатчиси Меҳриддин Хайриддинов лавозимидан озод қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
“Ҳукуматнинг тегишли қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг маслаҳатчиси – хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва халқаро иқтисодий ҳамкорлик масалалари департаментининг бошлиғи Мехриддин Акмалович Хайриддинов лавозимидан озод этилди”, дейилади хабарда.
Таъкидланишича, бунга унинг бошқа ишга ўтиши сабаб бўлган.
Маълумот учун, Меҳриддин Хайриддинов 1977 йилда Бухоро вилоятида туғилган. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетини тамомлаган. Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 46-ўрта мактаб ўқитувчиси (2000-2001), 1-тоифали, 2-тоифали, 3-тоифали муҳандис, Навоий кон-металлургия комбинати ташқи иқтисодий алоқалар бўлими бошлиғининг ўринбосари (2001-2008) бўлиб ишлаган.
Қолаверса, Инвестициялар ва савдо ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигининг етакчи мутахассиси (2008-2010), Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчихонасининг 1-котиби (2010-2014), Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг консуллик бошқармаси бўлими бошлиғи (2014-2017) лавозимларида ҳам фаолият юритган ва кейинчалик Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги бош консули (2017-2018) бўлган.
Мазкур лавозимга, яъни Бош вазирнинг маслаҳатчиси лавозимга эса у 2020 йилнинг август ойида тайинланган эди.
Озода Чориева
LiveБарчаси