Бош вазир Сўхдаги можаронинг тинчишида Шуҳрат Ғаниевнинг хизматларини алқади

Жамият 24752
image

Аввал хабар берганимиздек, бугун, 3 июнь куни Халқ депутатлари Сўх туман Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди ва унда туманнинг янги ҳокими тайинланди. Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов ҳам иштирок этиб, нутқ сўзлади. 

“Авваламбор Сиз ҳурматли Сўх тумани фаолларига, Сизларнинг тимсолинингизда бутун Сўх аҳлига муҳтарам Президентимиз, ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромларини етказаман.

Албатта, бир неча кун олдин чегара ҳудудидаги бўлган нохуш ҳолат кўп нарсаларни қайтадан кўриб, қайтадан қарашга ҳаммамизни мажбур қилди. Бевосита Президентимизнинг топшириқлари билан мен бошчилигимда вазиятни ўрганиш учун мутасадди идоралар раҳбарлари етиб келишди. Биринчи навбатда вилоят раҳбари Шуҳрат Ғаниев ва бошқа раҳбарлар етиб келиб вазиятни чуқурлашишига йўл қўймаган. Тинчликни қадрига етиш бу жуда катта бахт. Муҳтарам Президентимизнинг чегарадош ҳудудлар билан олиб бораётган яхши қўшничилик сиёсатларини бутун жаҳон эътироф этиб турибди”, дейди Ўзбекистон Республикаси Бош вазири. 

Сессияда халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари, Сўх тумани ҳокимининг ўринбосарлари, тумандаги давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, Фарғона вилояти ҳокимининг ӯринбосарлари, вилоят бошқарма ва ташкилотлар раҳбарлари, вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси масъуллари, Бош вазир ўринбосарлари, республика вазирлик ва идора раҳбарлари ҳам иштирок этган. 

“Бизнинг олдимизда энг катта масъулият турибди – бу Сўх туманидаги муаммоларни ҳал этиш ва бевосита Президентимизнинг эътиборлари асосида туманни обод қилиш. Бунинг учун давлатимиз томонидан барча имкониятлар ва шароитлар яратиб берилади. Сўх туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича давлат раҳбарининг қарорлари ҳам чиққан ва шу асосда туманда тизимли ишлар олиб борилиши лозим. Бу ишларда сайланадагиан янги туман ҳокимидан катта масъулият талаб этилади”, дейди Арипов.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 31 май куни Фарғона вилоятининг Сўх туманидаги Чашма қишлоғи ва Қирғизистоннинг Боткен вилоятининг Чечма қишлоғи аҳолиси ўртасида тўқнашув юз берди. Кейинроқ можаро чегара ҳудудидаги Чашма булоғи сувидан фойдаланиш устида юз бергани ойдинлашди.

Икки ўртадаги жанжалда Ўзбекистондан 187 киши, Қирғизистондан 25 киши жабрланди. Ҳар икки томондан бир нечта уйга ўт қўйиб юборилди.

Юз берган тўқнашув бўйича 1 июнь куни Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари Кубатбек Боронов учрашув ўтказиб, тергов ҳаракатини биргаликда олиб боришга ва айбдорларни жазолашга келишиб олди.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 710
Рейтинг: 3
t
×