Бош вазир номзодини кўриб чиқиш мутлақ Олий Мажлисга ўтказиляпти
Олам
−
09 Март 2023
10026Ўзбекистонда Бош вазир номзодини кўриб чиқиш ва маъқуллаш ваколати Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатига ўтказилмоқда. Бу ҳақда бугун, 9 март куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ялпи мажлисида депутат Жаҳонгир Ширинов сўз очди.
Унинг қайд этишича, Бош вазир номзодини Қонунчилик палатасига тақдим қилишдан олдин Президент томонидан барча сиёсий партиялар фракциялари билан маслаҳатлашувлар ўтказиш тартиби жорий этилмоқда. Қонунчилик палатаси маъқуллаганидан кейин Президент Бош вазирни лавозимга тайинлайди.
Амалдаги тартибга кўра, Бош вазир номзодини илгари суриш фақат Қонунчилик палатасига сайловда энг кўп овоз олган партия иродасига боғлаб қўйилган эди. Янги таклиф этилаётган тартиб орқали эса барча сиёсий партиялар фракцияларининг Бош вазир номзодини кўриб чиқишдаги иштироки таъминланади.
Шириновнинг қайд этишича, “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни” лойиҳаси билан парламент ваколатлари кучайтирилмоқда. Бунда, Қонунчилик палатаси билан Сенатнинг биргаликдаги ваколатлари, ҳар бир палатанинг алоҳида-алоҳида ваколатлари ва масъулият соҳалари аниқ белгилаб берилмоқда. Жумладан, агар амалдаги Конституция бўйича Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 та бўлса, лойиҳага асосан уларнинг сони 12 тага етмоқда.
Хусусан, Давлат бюджети ижросини назорат қилиш, Ҳисоб палатасининг ҳисоботини кўриб чиқиш каби ваколатлар бевосита халқ томонидан тўғридан-тўғри сайланадиган Қонунчилик палатасига ўтказилмоқда.
“Бу ўзгартиш қуйи палатанинг вакиллик табиатига мос келади ҳамда унинг фаолиятини янада самарали ташкил этиш имконини беради”, дейди депутат Жаҳонгир Ширинов.
Шунингдек, Сенатнинг мутлақ ваколатлари ҳам амалдаги 14 тадан – 18 тага оширилмоқда. Жумладан, ҳудудий манфаатларни ифодаловчи орган сифатида Сенатнинг маҳаллий вакиллик органлари фаолиятига кўмаклашиш каби муҳим ваколати Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Қолаверса, давлат ҳокимияти тизимида ўзаро тийиб туриш ва мувозанатни таъминлаш принципидан келиб чиқиб, вазирликлар ва бошқа республика ижро этувчи ҳокимият органларини тузиш ва тугатиш тўғрисидаги фармонларни тасдиқлаш ваколатини ҳам Сенатга ўтказиш таклиф этилмоқда.
LiveБарчаси