Бош вазир қўшиқчидан узр сўради
Олам
−
08:58 5434 2 дақиқа
Австралия Бош вазири Энтони Албанезе хонанда Кайли Миноуг ҳақида айтган қўпол изоҳидан сўнг узр сўради. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, унинг ҳазиломуз подкастдаги жавоби аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва мухолифат вакиллари томонидан кескин танқид қилинган. Подкаст бошловчиси Никки Осборн Албанезедан австралиялик уч нафар машҳур аёлдан қайси бирига уйланиши, қайси бири билан учрашиши ёки яқинлик қилишни танлашини сўраган.
Дастлаб Албанезе яқинда уйланганини айтиб, саволга жавоб беришдан бош тортган. Бироқ бошловчи “агар никоҳингиз бузилса-чи?” дея саволни яна такрорлаганида, у “Албатта, Кайли”, деб жавоб берган. Шундан сўнг Бош вазирдан Кайли билан юқорида саналган ишларнинг қай бирини қилиши сўралганда, Албанезе “Ҳаммаси”, деб жавоб қайтарган.
Бу сўзлар ортидан мухолифат вакиллари Бош вазирни танқид қилган. Сенатор Сара Ҳендерсон бу изоҳларни аёлларга нисбатан ҳурматсизлик, австралияликлар учун уятли ҳолат ва Бош вазир лавозими шаънига доғ сифатида баҳолаган.
“Бу изоҳларим учун ҳеч қандай шартсиз узр сўрайман”, деган Албанезе бугун, 7 июль куни тарқатган баёнотида.
Таниқли австралиялик поп-хонанда, қўшиқчи ва актриса Кайли Миноуг вакили эса ҳозирча ушбу ҳолат юзасидан изоҳ бермаган.
Маълумот учун, Австралияда норасмий мулоқот маданияти кенг тарқалган бўлиб, сиёсатчилар интервьюлар давомида спорт ва оммавий маданиятга оид ноодатий саволларга ҳам тез-тез жавоб беришади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Беларусь резиденти Александр Лукашенко Украина Президенти Владимир Зеленскийга нисбатан аввал айтган кескин сўзлари учун узр сўраган эди.
Live
Барчаси