Бош прокуратура Сирдарёда шифкорларнинг калтакланиши тафсилотларини очиқлади

Жамият 8620
image

Аввалроқ, Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туман тиббиёт бирлашмаси тез тиббий ёрдам бўлимига қарашли “Бирлашган” тез тиббий ёрдам шохобчаси навбатчи врачи ва навбатчи фельдшери 6 нафар маст киши томонидан калтаклангани ҳақида хабар берган эдик. Воқеа кеча, 4 июнь куни содир бўлган.

Шундан сўнг, Мазкур ҳолат бўйича Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий муносабат билдириб, Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевга мурожаат йўллади.

Бугун, 5 июнь куни Сирдарё вилоят прокуратураси ҳодисани ўрганиб чиқди ва қуйидагиларни QALAMPIR.UZ’га тақдим этди.

Маълум бўлишича, 2020 йил 3 июнь куни кеч соат 23:30 ларда Сайхунобод тумани, “Дўстлик” маҳалласида жойлашган “Қодир” исмли шахсга тегишли балиқ кўлида қоровул вазифасида ишловчи А.Бабаев кўлга тушиб, ўзининг эҳтиётсизлиги оқибатида оёғидан тан жароҳати олган.

Шу вақтда унинг ёнида бўлган, ўзи билан бир маҳаллада яшовчи таниши Эльдор Носиров (1993 й.т) туман тез тиббий ёрдам бўлимига қўнғироқ қилиб, тез тиббий ёрдамни чақиртирган. Шундан сўнг, йўлга чиққан навбатчи фельдшер В.Нуров ундан аниқ манзилни сўраганида, Эльдор Носиров маст бўлганлиги сабабли, фельдшер Алижон Нуров билан телефонда тортишиб қолади. Тез тиббий ёрдам автомашинаси айтилган манзилга етиб келган вақтида, Эльдор Носиров навбатчи фельдшер Алижон Нуровни қўллари ва оёқлари билан танасининг турли жойларига уриб тепиб, унга тан жароҳати етказади.

Ушбу ҳолатни кўриб, фельдшер билан бирга келган навбатчи шифокор Жўрамирза Очилов уларни ажратмоқчи бўлади. Эльдор Носиров уни ҳам қўллари ва оёқлари билан танасининг турли жойларига уриб ва тепиб, тан жароҳати етказади.

Оқибатда, навбатчи фельдшер Алижон Нуров ва шифокор Жўрамирза Очилов олган тан жароҳатлари билан Республика шошилинч тез ёрдам илмий маркази Сирдарё вилояти филиалининг травматология бўлимига жойлаштирилади.

“Дастлабки тиббий маълумотга кўра, фельдшер Алижон Нуровда бош мия ёпиқ жароҳати, бурун суяги синиши, ўнг қўл бешинчи панжа бармоғининг ёпиқ синиши ва шифокор Жўрамирза Очиловда бош мия ёпиқ жароҳати, ўнг қош ёрилиши, пешона суягининг ёрилган жароҳати мавжудлиги аниқланган”, Сирдарё вилояти прокуратураси берган хабарда.

Мазкур ҳолат юзасидан Сайхунобод тумани ИИБ ҳузуридаги ТГ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиб, натижасига кўра, 5 июнь куни Эльдор Носировга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, у гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган ва ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Маълум қилинишича, ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда. Вилоят прокуратураси томонидан жиноят иши тергови алоҳида назоратга олинган бўлиб, натижаси ҳақида қўшимча маълумот берилади.

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 237
Рейтинг: 2.9
t
×