Бош прокуратура референдум бўйича келиб тушган шикоятлар сонини очиқлади

Жамият

image

Кеча, 30 апрель куни бўлиб ўтган референдум жараёнларида фуқаролардан қонун бузилиши ҳолати мавжудлигини текшириб кўриш учун жами 7 та хабар ва мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда бугун, 1 май куни Марказий Сайлов Комиссиясида бўлиб ўтган брифинг давомида Бош прокурор ўринбосари Шоҳрух Аминов маълум қилди.

Унинг айтишича, уларнинг 5 таси Тошкент шаҳри, 1 таси Самарқанд вилоятига ва 1 таси Наманган вилояти ҳисобига тўғри келади.

“Айтиб ўтишим керак, 5 та қонун бузилиши ҳолати Интернет тармоғи мониторинги натижасида аниқланди, 1 таси Марказий сайлов комиссиясидан олинди, яна 1 тасини фуқароларнинг прокуратура органларидаги 1007 рақамли ишонч телефонига мурожаатлари ташкил этди. Ўрганишлар натижасида қайд этилган ҳолатларнинг 4 таси ўз тасдиғини топмаган бўлса, 2 таси бўйича мурожаат этган фуқароларимизнинг талаби қаноатлантирилди”, деди Аминов.

Шу билан бирга, 1 та ҳолат бўйича ўрганиш ишлари давом эттирилаётгани айтилди.

“Жумладан, Олмазор туманидаги 772-сонли референдум участкаси комиссия аъзоси, фуқаро Н.Т. ўзбошимчалик билан бюллетенлардан 16 донасини олиб, оила аъзолари номидан референдум қонунчилигини бузган ҳолда уларга белги қўйган. Ушбу ҳолат жойида Комиссия раиси томонидан аниқланиб, мазкур бюллетенлар бекор қилиниши таъминланган ва умумий ҳисобдан чиқарилиб, бузиб қўйилган бюллетенларга қўшилган. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан ўрганиш ўтказилмоқда. Бунда аниқланиши лозим бўлган барча ҳолатлар тўлиқ, ҳар томонлама ва холисона кўриб чиқилмоқда”, деди Бош прокурор ўринбосари.

Шоҳрух Аминовнинг таъкидлашича, прокуратура органлари таҳлиллари, назорат тадбирлари, кузатув ва мониторинглардан келиб чиқиб, референдумда қонунийлик тўлақонли таъминланди, деб ҳисоблаш мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Бош прокуратура референдум шикоятлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг