Чилонзорлик буви ва набиранинг ўлимига “таракан дори” сабаб бўлиши мумкин – Бош прокуратура
Жамият
−
09 Июнь 2019
7891Аввалроқ, Тошкент шаҳар Чилонзор туманининг 19-даҳасидаги уйдан 77 ёшли аёл ва 28 ёшли йигитнинг жасади топилгани ҳақида хабар берган эдик.
Кеча,8 июнь куни соат 20:00да Тошкент шаҳар ИИББ Навбатчилик қисмига келиб тушган хабарга кўра, шу куни соат тахминан 19:30ларда Чилонзор тумани, 19-даҳаси, 48-уй хонадонида яшаган фуқаро М.Ш. (1942 й.т. аёл киши) ва унинг набираси Т.М. (1991 й.т. эркак киши)ларни мурдалари ўткир заҳарланиш аломатлари билан топилган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот хизмати QALAMPIR.UZ`га мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди ва суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасини маълум қилди.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув давомида, ушбу хонадонда жорий йилнинг 6 июнь куни ҳашарот (таракан ва ҳ.к.)ларга қарши санитария ишлов берилганлиги маълум бўлган.
Суд-тиббий экспертизасининг 8 июнь кунидаги йилдаги дастлабки хулосасига кўра, М.Ш. ва Т.М.нинг ўлими – "номаълум моддадан ўткир заҳарланиш" натижасида юз берганлиги, уларнинг танасида бошқа бирор-бир тан жароҳатлари мавжуд эмаслиги аниқланган.
Воқеа жойига Тошкент шаҳар прокурорининг биринчи ўринбосари, Чилонзор туман прокурори, туман ИИО ФМБ бошлиги ва тезкор-тергов гуруҳи аъзолари чиқишган.
Ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, у ердан ашёвий далиллар олиниб, тегишли экспертизалар тайинланган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
LiveБарчаси