Босфордан топилган объект мина бўлиб чиқди
Олам
−
26 Март 2022
12821Туркия Миллий мудофаа вазири Ҳулуси Акар бугун, 26 март куни Босфор бўғозида топилган объект эски услубдаги мина эканлигини тасдиқлади. Бу ҳақда у ТРТ телеканалига берган интервьюсида гапирган.
“Ўрганишлар натижасида бу эски услубдаги мина эканлиги аниқланди, у бизнинг сув ости мудофаа гуруҳимиз томонидан зарарсизлантирилди. Бу борада Россия ва Украина расмийлари билан музокаралар давом этмоқда”, дейди у.
Акарнинг сўзларига кўра, воқеадан кейин кемаларнинг Босфор бўғози орқали ҳаракатланишида ҳеч қандай муаммо йўқ.
“Хавфсиз навигацияни таъминлаш учун қирғоқ қўриқлаш ва бошқа идоралар, хусусан, денгиз кучларимиз билан зарур мувофиқлаштириш ишлари амалга оширилди. [Босфор бўғози орқали] ҳаракат хавфсиз”, дея қўшимча қилди у.
Аввалроқ Дўған агентлиги балиқчилар томонидан минага ўхшаш объект топилгани ҳақида хабар берган эди. Кейинроқ Туркия Мудофаа вазирлиги уни зарарсизлантириш ҳақида баёнот берди. Босфор бўйлаб кемаларнинг ҳаракати тўхтатилди ва қайта тикланди.
Айни пайтда, 19 март куни ФСБнинг Жамоатчилик билан алоқалар маркази Украина ҳарбий-денгиз кучлари томонидан Қора денгиздаги портларга яқинлашишда ўрнатилган миналар кабель узилиши туфайли Босфор ва Ўрта ер денгизи томон силжиши мумкинлиги ҳақида хабар берди. ФСБ Украина Қуролли Кучларини “яна бир бор халқаро ҳуқуқ меъёрларини менсимаслик ва инсонлар, шу жумладан Европа Иттифоқи давлатлари фуқаролари ҳаётига эътибор бермаслигикда айблади.
LiveБарчаси