Борис Ельцин маъмуриятининг собиқ раҳбари Сергей Филатов вафот этди
Олам
−
26 Август 2023
4857Россиянинг биринчи президенти Борис Ельцин маъмуриятининг собиқ раҳбари Сергей Филатов 87 ёшида вафот этди. Бу ҳақда ёзувчи Герман Садуллаев Telegram-каналида маълум қилди.
“Сергей Александрович Филатов вафот этди, (Ельцин) маъмуриятининг собиқ раҳбари. Биз учун эса – “Липки”нинг (ёш ёзувчилар форуми) доимий ташкилотчиси ва илҳомчиси”, деб ёзган Садуллаев.
Садуллаев Филатовдан фақат яхши хотиралар қолганини айтиб, миннатдорлик билдирган.
Маълумотларга кўра, Филатов кеча, 25 август куни вафот этган.
Сергей Филатов 1936 йил 10 июль куни Москвада туғилган. У 1990 йилларнинг бошларида Борис Ельцин билан Олий Кенгашда ишлаган. 1991 йил августдаги тўнтариш пайтида у мудофаа штабининг ўринбосари бўлган.
Шунингдек, Филатов Президент ҳузуридаги Эксперт-таҳлил кенгаши ҳамда Президент ҳузуридаги Адабиёт ва санъат соҳасидаги Давлат мукофотлари комиссиясини бошқарган.
Давлат хизматидан кетгач, Филатов 1996 йилги сайловларда Ельцинни қўллаб-қувватловчи жамоат ҳаракатига раҳбарлик қилган. Бир йил ўтгач, Филатов Ижтимоий-иқтисодий ва интеллектуал дастурлар жамғармаси раҳбари бўлди.
Филатов Россия Журналистлар уюшмаси аъзоси, Москва Ёзувчилар уюшмасини бошқарган, шунингдек, Россия Марказий Ижроия Қўмитаси ҳузуридаги Жамоат илмий маслаҳат кенгаши ҳамраиси бўлиб ишлаган.