Болгария яқинида дронлар иккита савдо кемасига ҳужум қилди
Олам
−
22:13 454 2 дақиқа
Бугун, 13 октябрга ўтар кечаси Қора денгизда, Болгария қирғоқлари яқинида иккита савдо кемасига ҳужум қилинди. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири Румен Радев баёнот берди.
Қайд этилишича, Украинага тегишли бўлган ва Мальта байроғи остида сузаётган “Челси 3” (Chelsea 3) кемасига Бяла шаҳридан тахминан 18 денгиз мили (33 километр атрофида) шарқда учта дрон ҳужум қилган. Экипажнинг барча 15 аъзоси (етти нафар Украина ва саккиз нафар Озарбайжон фуқароси) эвакуация қилинган. Дастлабки маълумотларга кўра, беш нафар денгизчи енгил тан жароҳати олган.
Бошқа бир кема Крапец қишлоғидан тахминан 17 денгиз мили шарқда чўкиб кетган. Экипажнинг бир аъзоси қутқариб олинган.
“Бу мутлақо қабул қилиб бўлмас ҳолат – Болгариянинг ҳудудий сувларига бевосита яқин жойда яна бир ҳужум юз берди”, дейди Радев телемурожаатида.
У НАТО Бош котиби Марк Рютте билан мулоқот қилишни режалаштираётганини қўшимча қилган.
Радевнинг сўзларига кўра, ҳозирча “айблов илгари суриш учун асосли ва аниқ далиллар” йўқ, аммо “мантиқ бу натижа Россия Федерацияси учун манфаатли эканини кўрсатмоқда”. Болгария ушбу ҳодиса муносабати билан Россия элчиси Элеонора Митрофановани чақиртиришни мақсад қилган.
Эслатиб ўтамиз, бир ҳафта олдин Болгария қирғоқларидан тахминан 110 километр узоқликда дронлар иккита савдо кемасига ҳужум қилган эди. Бир кема экипажи эвакуация қилинган, иккинчи кема эса чўкиб кетганди. “Reuters”нинг ёзишича, бу низо бошланганидан бери Болгария сувларида фуқаролик кемаларига қилинган илк маълум дрон ҳужуми бўлган.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь