Болгария яқинида савдо кемаси дронлар зарбасидан чўкиб кетди
Олам
−
09:37 602 2 дақиқа
Болгария қирғоқлари яқинидаги Қора денгизда иккита савдо кемаси дронлар ҳужумига учраб, улардан бири чўкиб кетди, экипаж аъзолари эса бедарак йўқолди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
Қайд этилишича, ҳужум кеча, 6 октябрь куни Болгариянинг НАТО ҳудудидаги иқтисодий зонасида, Бяла шаҳри соҳилларидан тахминан 130 километр узоқликда содир бўлган. Кемаларга ҳаво ва денгиз дронлари орқали зарба берилган.
Болгария Президенти Румен Радев ҳужумни халқаро ҳуқуқнинг қўпол бузилиши деб атаган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирча дронлар Россия ёки Украинага тегишли экани аниқ эмас.
Украина Президенти Владимир Зеленский эса ҳужум ортида Россия турганини айтган. Унинг таъкидлашича, Украина кучлари ушбу ҳудудда ҳеч қандай ҳарбий операция олиб бормаган.
Ҳужум оқибатида икки кема шикастланган. Дон ортаётган кемадаги экипаж қутқарилган, икки киши жароҳатланган. Того байроғи остида сузган иккинчи кема эса чўкиб кетган. Унда қанча экипаж аъзоси бўлгани ҳозирча номаълум.
Ҳодиса жойида бедарак йўқолганларни қидириш ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, денгизга зарарли моддалар сизиб чиқиши эҳтимоли ҳам текширилмоқда.
Дастлабки баҳолашларга кўра, ҳужум Россия томонидан амалга оширилган бўлиши мумкин. Москва эса ҳодиса юзасидан ҳозирча изоҳ бермаган.
Болгария раҳбари уруш давом этиши можаронинг географик жиҳатдан кенгайиши ва глобал тўқнашув хавфини ошириши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ҳам ҳужумни қоралаб, савдо кемалари ва тинч экипажлар нишонга олинаётганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қора денгизда дрон зарбасига учраган Туркиянинг “Рояд Маммадов” кемаси чўкиб кетгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь