Болгария ва Руминия Шенген зонасининг тўлақонли аъзоларига айланди
Олам
−
02 Январь
2193Жорий йил 1 январдан бошлаб Болгария ва Руминия тўлиқ Шенген зонасига қўшилди. Шу кундан эътиборан ушбу давлатларнинг Европа Иттифоқи аъзолари билан қуруқлик чегараларида назорат пунктлари бекор қилинди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу қарорни Европа Иттифоқи Ички ишлар вазирлари қабул қилган ва бунга Австриянинг вето қўйишидан воз кечгани сабаб бўлган. Энди Болгария ва Руминияга Греция ёки Венгрия орқали кираётган саёҳатчилар ва юк машиналари ҳайдовчилари чегарадаги навбатлар ва ҳужжатларни текшириш заруратидан халос бўлади. Болгария-Греция чегарасидаги олтита назорат пунктида ҳужжат кўрсатиш талаб этилмайди. Руминия томондаги 30 километрли чегара ҳудудида эса фақат режасиз ва танлов асосида назорат олиб борилади.
Маълумот учун, Руминия ва Болгариянинг қўшилиши билан Шенген зонасига аъзо давлатлар сони 29 тага етди. Улар орасида Европа Иттифоқининг 27 давлатидан 25 таси, шунингдек, Швейцария, Норвегия, Исландия ва Лихтенштейн бор. Болгария ва Руминия Европа Иттифоқига 2007 йилда қўшилган.
Европа иқтисодий ва ижтимоий қўмитаси маълумотларига кўра, Шенген зонасига тўлиқ аъзо бўлмагани туфайли Болгария ҳар йили 834 миллион евро зарар кўрган. Руминиянинг йиллик йўқотишлари эса 2,32 миллиард еврога тенг бўлган. Шунингдек, Руминия транспорт компаниялари чегарадаги кечикишлар сабаб 90 миллион евро даромадни йўқотган.
Австрия Ички ишлар вазири Герхард Карнер вето олиб ташланишини чегарадан ноқонуний ўтишларнинг кескин камайиши билан изоҳлаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг март ойида ушбу давлатлар ўз аэропортлари ва денгиз портларида Шенген зонасининг бошқа аъзоларидан келган йўловчилар учун назоратни бекор қилган эди.
LiveБарчаси