Болалар, аёллар ва қариялар. Мингдан ортиқ афғонистонлик Тожикистонга қочиб ўтди

Олам

image_2021-07-07_15-29-42

Мингдан ортиқ афғонистонликлар мамлакатнинг Бадахшон вилоятидан Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон автоном вилоятига (ТБАВ) қочиб ўтди. Улар ҳозир хавфсиз ҳудудга жойлаштирилган. Бу ҳақда маҳаллий ОАВ ёзмоқда.

ТБАВ раҳбари матбуот котиби Ғолиб Ниятбековнинг айтишича, қочқинларнинг асосий қисмини аёллар, болалар ва қариялар ташкил этади. Хавфсизлик нуқтаи назаридан қочқинларнинг қаердалиги тўғрсида аниқ маълумот берилмаган. 

Қайд этилишича, нодавлат ташкилотлар афғон қочқинларини қабул қилгани учун Тожикистон ҳукуматига миннатдорлик билдирмоқда.

ТБАВ матбуот котибининг сўзларига кўра, вилоят раҳбари Ёдгор Файзовнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қочқинлар бўйича Олий комиссарининг Тожикистондаги ваколатхонаси, БМТ Хавфсизлик бюроси, БМТнинг Тожикистондаги доимий координатори офиси ва Оғахон хизмати вакиллари билан учрашув пайтида Тожикистон ҳукуматига миннатдорлик билдирилган.

“Учрашув давомида минтақадаги кескин вазият, айниқса, иқтисодий ва хавфсизлик муаммолари ҳамда COVID-19 нинг иккинчи тўлқини пайдо бўлиши шароитида Афғонистондан қочқинларни қабул қилиш Тожикистоннинг инсоният олдидаги юксак жавобгарлиги тўғрисида сўзлайди”, дейилади хабарда. 

Вилоят раҳбарининг қўшимча қилишича, ҳокимлик барча давлат идоралари, ривожланиш бўйича шериклар ҳамда аҳоли билан қочқинларни имкон борича озиқ-овқат, уй-жой ва тиббий хизмати билан таъминлаш бўйича иш олиб бормоқда.

Учрашув давомида халқаро ташкилотлар вакиллари “ушбу эзгу ишда Тожикистонни қўллаб-қувватлашларини“ таъкидлаган.

Қочқинлар айнан қачон чегарани кесиб ўтгани ҳақида хабар берилмаган, аммо бу катта эҳтимол билан 4-5 июль кунлари, Афғонистоннинг Бадахшон вилояти таркибидаги 6 туман “Толибон” назоратига ўтгач содир бўлган.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан афғон қочқинларининг аниқ сони ҳали эълон қилинмади. Бунгача фақат ҳарбий қочқинлар ҳақида маълумот берилган эди. Қайд этиш керакки, жорий йилнинг 5 июль куни мингдан ортиқ Афғонистон ҳарбийлари “Толибон” жангариларининг ҳужуми сабаб қўшни Тожикистонга қочиб ўтди. Бундай воқеа аввал ҳам юз берган бўлиб, унда 130 дан ортиқ афғон ҳарбийлари Тожикистонга қочган эди

ТБАВ раҳбари Ёдгор Файзов оғир кунда “қўшни Афғонистон Республикасини” қўллаб-қувватлаш ҳақида гапирган.

“Албатта, агар уларга керак бўлса. Яъни, ҳар қандай ҳолатда, қийин пайтларда сиз қўшнингизни қўллаб-қувватлашингиз керак. Фуқаролар уруши пайтида бу одамлар бизнинг қочқинларни қабул қилдилар ва бугун биз уларга ёрдам берамиз”, дейди у.

Шу билан бирга, у вилоят 10 минггача афғон қочқинларини қабул қилиш имкониятига эга эканини таъкидлаган.

Эслатиб ўтамиз, “Bloomberg” нашри АҚШ Тожикистон, Қозоғистон ва Ўзбекистондан америкаликларга ёрдам берган 9 минг афғонистонликка вақтинча бошпана беришни сўраётгани ҳақида ёзганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Тожикистон “Толибон” Бадахшон

Баҳолаганлар

372

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг