Марказий Осиё яна таҳдид остида
Жамият
−
23 Январь 6863 3 дақиқа
Россия Федерацияси Давлат Думаси депутати - собиқ профессионал боксчи Николай Валуев ижтимоий тармоқларда тарқатган видеомурожаати билан жамоатчилик эътиборини ўзига қаратди. Унда Валуев Россия собиқ совет республикаларига нисбатан “юмшоқ сиёсат” юритиб келганини, бу эса кутилган натижа бермаганини таъкидлади. Унинг фикрича, энди “қаттиқ чоралар” кўриш вақти келган.
Депутат сўнгги 30 йил давомида собиқ мустамлака давлатларига Россия томонидан рағбатлантириш ва имтиёзлар сиёсати қўлланганини, аммо бу йўл самара бермаганини айтган ҳолда, очиқ таҳдид оҳангида фикр билдирган. Шу билан бирга, депутат ёшлар, хусусан “зумерлар” авлодини жисмоний тайёргарликка чақириб, спорт залларига бориш ва “эркакларга хос спорт турлари” билан шуғулланишни тарғиб қилди. Унинг айтишича, яқин келажакда “қаҳрамонлар вақти” келади.
Ўзбекистонлик собиқ профессионал боксчи Руслан Чагаев Валуевнинг баёнотларига жавобан, агар уни “жойига қўйиш” учун яна рингга чиқиш керак бўлса, бунга тайёр эканини билдирди. У ҳазиломуз, аммо кескин оҳангда жангдан кейин Валуев бутун Ўрта Осиёни “жуда яхши кўриб қолиши”ни айтди.
Шу ўринда эслатиб ўтиш жоизки, бундан қарийб 19 йил аввал бокс рингида россиялик Николай Валуев ва ўзбекистонлик Руслан Чагаев тўқнаш келган эди. 12 раунд давом этган жангда Руслан Чагаев ғалабага эришганди.
Айрим фойдаланувчилар Валуев тарқатган видеолар сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган бўлиши мумкинлигини ҳам тахмин қилмоқда. XXI асрда бундай технологиялар орқали исталган мазмундаги видеолар яратиш мумкинлиги маълум. Бироқ, бу баёнотларни фақат техник манипуляция сифатида баҳолаш нотўғри бўлади.
Чунки Валуевнинг сўзлари Россия ахборот маконида илгари ҳам янграган шунга ўхшаш даъволарнинг мантиқий давоми сифатида кўрилмоқда. Илгарироқ россиялик телебошловчи Владимир Соловьёв Украинага қарши бошланган “махсус ҳарбий амалиёт”ни Россия “таъсир доираси”даги бошқа ҳудудларда ҳам ўтказиш мумкинлигини айтган эди.
Россия Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили Мария Захарова унинг фикрлари расмий Москва позициясини акс эттирмаслигини билдирган эди. Кейинчалик эса Александр Дугин собиқ СССР таркибида бўлган давлатларнинг мустақиллигини тан олмаслик ҳақида фикрларни билдирганди.
Бироқ бу гал гап блогер ёки телешоу иштирокчиси ҳақида эмас, балки Россия Давлат Думаси депутати томонидан айтилган очиқ ва ошкора баёнотлар ҳақида кетмоқда. Бу гал Россия расмий доиралари, хусусан Ташқи ишлар вазирлиги бундай баёнотларга қандай муносабат билдиради? Бу савол ҳозирча очиқ қолмоқда.
Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифасидаги ушбу видеорепортажни томоша қилинг.
Live
Барчаси