Бокс: Олимпия ўйинларида қандай натижалар қайд этилмоқда?

Спорт 2933
image

Бугун, 7 август куни Токио шаҳридаги “Kokugikan arena”да Олимпия ўйинларининг бокс бўйича финал жанглари ўтказилмоқда. 

Шаҳобиддин Зоиров иштирок этган -52 кг вазн тоифасида Буюк Британия вакили Жалал Яфаи олтин медални қўлга киритди. У финалда Карло Паалам устидан 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Филиппинлик боксчи чорак финалда айнан Зоировни мусобақадан чиқариб юборган эди.

-75 кг вазн тоифасида эса, бразилиялик Геберт Соузага тенг келадиган рақиб топилмади. Соуза финалда украиналик Олександр Хижнякни нокаутга учратиб, Олимпиада чемпионлигини тантана қилди. Ушбу вазн тоифасида Ўзбекистон номидан ҳаракат қилган Фанат Қаҳрамонов нимчорак финалда мусобақани тарк этган эди.  

Турсуной Жабборова рингга кўтарилган -51 кг вазн тоифасида болгариялик 35 ёшли Стойка Крастева Туркия вакиласи Наз Чақироғлуни 5:0 ҳисобида таслим қилди ва олтин медални қўлга киритди. Туркиялик боксчи Турсуной Жабборова билан кечган баҳсда ҳакамларнинг қарори билан ярим финалга йўл олган эди.

-69 кг вазн тоифасида эса туркиялик Бьюсеназ Сурменали хитойлик Гу Хонгни мағлуб этишни уддалади. Жангни баҳолаб бораётган ҳакамларнинг 3 нафари Сурменели фойдасига қарор қабул қилган бўлса, икки нафари дуранг натижани қайд этди. Ушбу вазнда Ўзбекистон номидан Шаҳноза Юнусова жангларда иштирок этди ва илк босқичдаёқ мусобақани тарк этди.

Бунга қадар ўтказилган тўртта финал жангининг учтасида кубалик боксчилар олтин медалга сазовор бўлди, яна бир олтин медаль россиялик боксчига насиб этди.

-69 кг вазн тоифаси: Рониэль Иглесиас (Куба) 5:0 Пет Маккормак (Буюк Британия).
-81 кг вазн тоифаси: Арлен Лопес (Куба) 5:0 Бенжамин Уиттакер (Буюк Британия).
-57 кг вазн тоифаси: Альберт Батиргазиев (РОҚ) 3:2 Дьюк Раган (АҚШ).
-91 кг вазн тоифаси: Хулио ла Круз (Куба) 5:0 Муслим Гажимагомедов (РОҚ).

Маълумот учун, эртага, 8 август куни аёллар (-60 кг, -75 кг) ва эркаклар ўртасида (-63 кг, +91 кг) финал жанглари ўтказилади. Энг оғир вазн тоифасида Баҳодир Жалолов америкалик Ричард Торресга қарши рингга кўтарилади.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 96
Рейтинг: 2.9
t
×