Боғча болаларига томоша кўрсатишга олиб борилган илонлар олиб қўйилди (видео)
3-саҳифа
−
13:27
2174Тошкент вилоятининг Пискент туманидаги 7-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчиларга томоша уюштириш учун олиб борилган 2 та заҳарли Ўрта Осиё кобраси Тошкент ҳайвонот боғига топширилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди.
Иш юзасидан тўпланган ҳужжатлар эса ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тегишли чора кўриш мақсадида суд органларига топширилган.
Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг “Ёввойи ҳайвонларни сақлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида ёввойи ҳайвонларни жисмоний шахслар томонидан ярим эркин шароитларда, сунъий яратилган яшаш муҳитида ёки тутқунликда сақлаш, шунингдек, улардан цирк томошаларини ўтказиш мақсадларида фойдаланиш тақиқланиши белгилаб қўйилган. Шунингдек, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 43-моддасида ҳам бу ҳолат алоҳида қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 16 январь куни Олмалиқ шаҳар “Кумуш диёр” хусусий корхонаси тасарруфидаги “Тошкент” ҳаваскорлик цирк жамоаси ходими Ҳ.А. ўқув йили аввалида туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлимига таълим тизимидаги муассасаларга цирк томошаларини намойиш қилиш бўйича хат ва дастур билан мурожаат қилган. Масъуллар томонидан ушбу томошаларга рухсат берилган. Намойишлар дастурида ҳайвонлар билан саҳна кўринишлари кўрсатилмаган. Ҳ.А. Пискент туманидаги боғчада болаларнинг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган жонзотлар билан ўйин кўрсатган.