Бобур масжиди ибодатхонага айлантирилди. Моди диндан сиёсий мақсадда фойдаланяптими?  (фото, видео)

Олам

image

Бугун, 22 январь куни 2014 йилдаги сайловолди ваъдаларининг ижроси ўлароқ Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди шимолий Уттар-Прадеш штатидаги Аёдҳа шаҳрида 1528–29 йилларда қурилган Бобур масжидини ҳинду тангриси Рамга бағишланган катта ибодатхонага айлантирди. Бу ҳақда CNN нашри хабар берди.

Унга кўра, Аёдҳа шаҳрида ҳиндуизм тангрисининг туғилган жойи деб ишониладиган ибодатхонанинг очилиш маросими бўлиб ўтган. Маросимга Бош вазир Нарендра Моди бошчилигида 7 мингга яқин меҳмон иштирок этган, қатнашчилар орасида Болливуд юлдузи Амитабҳ Баччан ҳам бор. Улардан баъзилари бу мақсадда 700 километр йўл босиб ўтган.

1992 йилда ҳиндулар томонидан вайрон қилинган Бобур масжидининг ибодатхонага айлантирилиши ҳинд мусулмонлари орасида жиддий норозилик ва эътирозларга сабаб бўлганди.

Шунингдек, Ҳиндистон Миллий Конгресси партиясидаги Модининг сиёсий рақиблари ушбу маросимни бойкот қилишларини эълон қилишди. Уларнинг фикрича, Бош вазир диндан ўз мақсадлари учун фойдаланмоқда. Маъбаднинг очилиши учинчи муддатга қайта сайланиши кутилаётган Нарендра Модининг сайловолди кампаниясининг муҳим қисми эканлиги таъкидланган. 

Танқидчилар ҳукуматни мамлакатдаги диний байрамларни нишонлаш борасида ҳаддидан ошганликда айблашмоқда. Конституцияга кўра, Ҳиндистон дунёвий давлат ҳисобланади.

Йирик тус олган бу очилиш маросимида иштирок этишдан олдин Бош вазир Моди 11 кун давомида рўза тутган.

Заҳириддин Муҳаммад Бобур масжиди

Бобур масжиди — Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатидаги Аёдҳа шаҳрида 1528–29 (ҳижрий 935) йилларда Бобурийлар империяси асосчиси Бобур Мирзо шарафига саркарда Мир Боқий томонидан қурилган. У Ҳиндистон шимолидаги энг муҳим масжидлардан бири ҳисобланган. Шу сабабли маҳаллий мусулмонлар ва ҳиндулар ўртасида асрлар давомида зиддият юзага келган. 1853 йилда ҳиндулар Бобур масжиди Рам илоҳининг муқаддас туғилган жойида қурилган, деб даъво қилишган. 

Масжид Рамкот (“Рам қалъаси”) деб номланувчи тепаликда қурилгани айтилган. Ҳиндуларнинг фикрига кўра, Бобурийлар қўмондони Мир Боқий бу ерда илгари мавжуд бўлган Рам ибодатхонасини вайрон қилган. Бироқ бу ибодатхонанинг мавжудлиги баҳсли масала бўлиб қолмоқда. 

1859 йил масжид ўртасидан девор ўрнатилди ва Британия  бинони ҳиндулар ва мусулмонлар учун иккита алоҳида бўлимга ажратиб берди. Мусулмонларнинг ичкарида, ҳиндуларнинг эса ташқи ҳовлида ибодат қилишига рухсат берилди.

ХIХ асрдан бошлаб ҳиндулар ва мусулмонлар ўртасида масжид юзасидан бир қанча низолар ва суд иши бўлиб ўтди. 1949 йилда Рам ва Сита бутлари масжид ичига жойлаштирилгунга қадар, бу мажмуанинг ички қисми тўлиқ намозхона вазифасини бажарарди. 

1984 йилда ҳинду ибодатхонаси қўмитаси ҳинд маъбадини қуришга раҳбарлик қилиш учун ҳиндларнинг ўта ўнг, радикал гуруҳлари, жумладан Vishwa Hindu Parishad (VHP) томонидан қўмита тузилди.

1992 йил 6 декабрда Vishwa Hindu Parishad ташкилоти ва иттифоқчи ташкилотларга мансуб ҳинд миллатчиларининг радикал гуруҳлари масжидни бузиб ташладилар, натижада Жанубий Осиё, Яқин Шарқ ва Буюк Британияда тартибсизликлар бўлиб ўтди, оммавий тўқнашувлар оқибатида 2000–3000 киши ҳалок бўлди.

2010 йил сентябрида Оллоҳобод Олий суди масжид Рамнинг туғилган жойи деб ҳисобланган жойда қурилгани ҳақидаги даъвони қаноатлантирди ва Рам ибодатхонаси қурилиши учун марказий гумбаз жойини тайинлади.

Мусулмонларга масжид қурилиши учун жойнинг учдан бир қисми ҳам берилди. Кейинчалик бу қарор ҳинд радикаллари томонидан Ҳиндистон Олий судига шикоят қилинди, унда бешта судья 2019 йилнинг августидан октябригача бўлган муддатда бу даъвони кўриб чиқди. 2019 йил 9 ноябрда Олий суд қуйи суднинг ҳукмини бекор қилди ва бутун майдонни (1,1 гектар) ҳиндлар ибодатхонасини қуриш учун трестга топширишни буюрди. Маъбаднинг қурилиши тахминан 30 миллиард рупий (361 миллион доллар)га тушди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилда Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штатида XVI асрга оид  “Шоҳи масжиди” деб номланган тарихий масжид маҳаллий йўлни кенгайтириш мақсадида бузиб ташланган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳиндистон Нарендра Моди Уттар-Прадеш Бобур масжиди

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made