Бобурни “анжанча қувиш”

Таҳлил

Андижонда Бобур ҳайкалини кўчириб, ўрнига дом қуришмоқчи. Ҳа, Ўзбекистон бу. Топилган ҳар қарични пуллашади ва фақат “дом” қуришади. Бу кўп қаватли биноларни қургунча одамларнинг ўзидан инвестор сифатида фойдаланишади, қоп-қоп ваъдалар беришади. Ачинарлиси эса давлат мулки деб рўйхатдан ўтказилган, рўйхат бўлганда ҳам оддий эмас, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан тасдиқланган Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатида турадиган бинолар ҳам бузилиб, ўрнига қўғирчоқ бинолар қурилиши давом этмоқда.

QALAMPIR.UZ’даги маълумотларга кўра, вазирлик ва идораларга келишиш учун юборилган “Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳасининг 16-бандида Андижон вилоятидаги “Заҳириддин Муҳаммад Бобур” ҳайкалини Андижон шаҳридаги “Регистон” майдонига кўчириш, бунинг ҳисобига бўшайдиган 1,2 гектар ер участкасида 2 та 20 ва 16 қаватли тураржой мажмуаси барпо этилишини ҳамда 90 млн АҚШ доллари миқдорида инвестиция маблағлари киритилишини таъминлаш ёзилган.

Бобур ҳайкали Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатига киритилган. Очиқ порталда ёзилишича, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкали Андижон вилояти “Мустақиллик” МФЙ, Амир Темур шоҳ кўчасига 1993 йилда ўрнатилган. Буни қарангки, бу ҳайкал ҳам давлат мулки ҳисобланади ва Андижон шаҳар ҳокимлигида оператив бошқарув ҳуқуқи асосида рўйхатдан ўтган.

Шу десангиз, давлат мулкини хусусийлаштириш ҳам осон бўлиб қолди. Баҳона бор-ку, нега миллий рўйхатдаги бино ёки ҳайкалга тегяпсиз, десангиз инвестиция киритамиз деб сабаб кўрсатишади.

Ҳайкалнинг кўчирилиши эълон қилинганидан сўнг Андижон вилояти ҳокимлиги мазкур масалага муносабат билдирди. Унда айтилишича, аҳолининг узоқ йиллик истакларидан келиб чиқиб, вилоят марказидаги “Бобур” шоҳ кўчасида жойлашган чорраҳада йўл ўтказгич қурилмоқда. Заҳириддин Муҳаммад Бобур хотирасига атаб барпо этилган майдон янги қурилаётган кўприк яқинида жойлашгани учун ушбу майдон анчайин ёпиқ кўринишга келиб, майдоннинг бир қисми кўприк остида қолади.

“Бобомиз, Андижон фарзанди, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур хотирасига атаб барпо этилган майдон янги қурилаётган кўприк яқинида жойлашган бўлиб, лойиҳа қурилиши якунлангач, ушбу майдон анчайин ёпиқ кўринишга келиб, майдоннинг бир қисми кўприк остида қолади.

Илмий кенгаш вакиллари, бобуршунослар ҳамда Андижон оқсоқоллари бошчилигида ушбу мавзу муҳокама этилиб, керакли хулоса ясалди. Унга кўра, улуғ бобокалонимиз ва буюк шоир хотирасини эъзозлаш мақсадида унга атаб ўрнатилган маҳобатли ҳайкал, шоҳ Бобурнинг ўзи туғилиб ўсган “Эски шаҳар” ҳудудидаги ўзбек тарихини ўзида акс эттирган “Регистон” майдонига кўчирилиб, майдонни ўзига хос қўшимчалар билан бойитиш ва янги, кўркам майдон барпо этишга келишилган. Ҳозирда бу режани амалга ошириш учун катта тайёргарликлар кўрилмоқда.

Аввалги майдон ўрнида эса аҳолимиз учун “Savdo Mall” мажмуаси, кўнгилочар марказлар, офислар ва аҳолимизга хизмат кўрсатишга мўлжалланган бошқа турдаги замонавий бинолар барпо этиш лойиҳаси таклиф этилган.

Маълумот учун, ушбу майдон ўрнида тураржой қуриш режаси мавжуд эмас, тармоқларда кузатилган тураржой қурилиши ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмайди”, дейди ҳокимлик воизи.

Ҳокимлик ўзининг баёнотига қўшиб, қурилажак бино қандай кўринишда бўлишини ҳам расмлари билан тақдим этган. Бу баёнотдан бино қурилиши аллақачон аниқ бўлганини билиш, тушуниш шарт эмас. Демак, юқоридаги айтганимиз қонун лойиҳаси аниқ тасдиқланади.

Баёнотни яхшилаб тинглаган бўлсангиз, унда Илмий кенгаш вакиллари, бобуршунослар ҳамда Андижон оқсоқоллари бошчилигида ушбу мавзу муҳокама этилиб, керакли хулоса ясалгани айтилган. Аммо айнан қайси илмий кенгаш экани ҳақида баёнотда сўз бормаган.

QALAMPIR.UZ мазкур масалани муҳокама қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Маданий мерос агентлигидаги манбалари билан боғланди. Биз билан суҳбатда бўлган мутахассиснинг айтишича, ҳозиргача агентликка бу давлат мулкининг бир жойдан бошқа жойга кўчирилиши ҳақидаги ҳужжат келиб тушмаган. Қолаверса, бу ишни қилиш Андижон оқсоқоллари билан битадиган иш эмас.

“Андижон вилояти ҳокимлиги баёнотида илмий кенгаш билан маслаҳат қилингани айтилган. Бу қайси илмий кенгаш? Масалан, бу ҳақдаги маълумот Маданий мерос агентлигига етиб келмаган. Қолаверса, ҳайкални кўчиришнинг ўзига яраша тартиби бор. Бу ерда нафақат ҳокимлик, балки Фанлар академияси, Маданият вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлар иштирок этиши керак”, дейди манба.

Шунингдек, бу ҳолат юзасидан “Бобур халқаро жамоат фонди” раиси ўринбосари Рустамжон Мамасолиев билан ҳам боғландик. Унинг айтишича, Андижондаги Бобур ҳайкали кўчирилганидан директор ўринбосари сифатида унинг ҳам хабари йўқ.

“Раисимиз даволанишда. Бошқа бобуршуносларнинг Бобур ҳайкалининг кўчирилишидан хабари борми, йўқми, буни билмайман. Аммо бу ҳайкалнинг кўчирилишидан менинг хабарим йўқ. Ҳокимлик матбуот котиби айтган муҳокамада биз қатнашмаганмиз, бу хабарларни мен ҳам янгиликлардан билдим.

Лекин бир нарсани айтиш керак, ҳозир Бобур ҳайкали атрофига кўприк тушяпти. Кўприк битганидан сўнг ҳайкал унинг остида қолади ва бу ҳайкалга мос жой бўлмайди.

Агар фахрийлар, мутахассислар келишиб уни бирор муносиб жойга кўчиришни маслаҳатлашган бўлса, бизнинг унга қаршилигимиз йўқ”, дейди “Бобур халқаро жамоат фонди” раиси ўринбосари.

Энди давлатнинг миллий рўйхатида турадиган бир ҳайкалнинг асли қай тартибда кўчирилишига тўхталсак.

Биздаги маълумотларга кўра, бир ҳайкал у ёки бу жойга кўчирилишидан аввал нима учун ва қаерга кўчириб ўтказилиши ҳақидаги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилади. Ҳайкал давлат мулки ҳисоблангани ва Моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари миллий рўйхатида борлигидан келиб чиқсак, лойиҳа биринчи навбатда Маданий мерос объекти мутасаддилари билан муҳокама қилинади. Агентликнинг шахси сир сақланишини сўраган мулозимига кўра, бу лойиҳа агентлик билан маслаҳат қилинмаган.

Бобур ҳайкалининг кўчирилиши масаласига энг биринчи реакция қилиши керак бўлган Маданий мерос агентлиги ҳаммадан охирида баёнот бериб чиқди. Агентлик ҳам Заҳириддин Муҳаммад Бобур монументал санъат ёдгорлиги миллий рўйхатга кирганини инкор этмади ва Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилояти бошқармаси томонидан агентликка Бобур ҳайкалини кўчирилиши юзасидан мурожаат келиб тушгани, агентлик палатага Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашидан хулоса олиш кераклиги билдирилганини маълум қилди.

“Давлат кадастрлари палатаси Андижон вилояти бошқармаси томонидан 2024-йилнинг 8-ноябрида Андижон вилояти Маданий мерос бошқармасига Заҳириддин Муҳаммад Бобур монументал санъат ёдгорлигини кўчирилиши юзасидан мурожаат келиб тушган. Бошқарма томонидан ҳайкални кўчириш масаласи юзасидан тегишли ташкилотларга Маданий мерос агентлиги ҳузуридаги Илмий-эксперт кенгашидан хулоса олиши учун тушунчалар берилган", дейилади баёнотда.

Шунингдек, агентлик соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектлари жойлашган аҳоли пунктларининг бош режалари Агентлик билан келишилиши мажбурий ҳисобланиши ва моддий маданий мероснинг кўчмас мулк объектларида, алоҳида муҳофаза қилинадиган тарихий-маданий ҳудудларда, Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган ҳудудларда ва уларнинг қўриқланадиган теграларида объектларни қуриш, бузиш ва ободонлаштириш ишларининг лойиҳалари Агентлик билан мажбурий тартибда келишилиши белгилаб қўйилганини эслатган.

Андижонда давлат йўқ қилаётганлардан бири фақат Бобур ҳайкали эмас, балки одамлар бориб кўнгил ёзиши мумкин бўлган Алишер Навоий номидаги истироҳат боғи ўрнида қурилаётган City ҳам бор. Аслида бу боғ ҳам давлат мулки. Боғ 1930 йилда барпо этилган ва давлат мулки ҳисобланади.

Қарор лойиҳасида айтилишича, боғнинг 10,7 гектар қисмида Андижон city ишбилармонлик маркази, 19 та 18 қаватли ва 7 та 28 қаватдан юқори тураржой ва хизмат кўрсатиш мажмуалари барпо этилиши кўзда тутилган.

Энди ўринли ва жавобсиз савол берамиз. Бу боғ бузилиши кимга керак, ҳайкал ва боғ ўрнида қуриладиган кўп қаватли биноларни ким, қайси компания қуради, Андижон ҳокимлиги ҳар икки ишнинг лойиҳасини тайёрлашда фуқаролар фикрини ўрганганми, истироҳат боғи ўрнига кўп қаватли уйларнинг қурилиши қанчалик зарур эди, бу боғ бузиб ташланса, ўша ҳудудда яшайдиганлар учун яқин бўлган бошқа истироҳат боғлари борми ва нега доим шундай ишлар Андижонда содир бўлади?

Андижон деганда одамларнинг хаёлига биринчи ким келади, биласизми? Вилоятнинг “ўтда ёнмас, сувда чўкмас” дейиладиган ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов. Негадир бир жойнинг бузилиши, қурилиши, катта-катта пулларнинг сарфланиши каби ишлар айнан Андижонда содир бўлади. Вилоятни расман 2013 йил 26 апрелдан буён бошқараётган Абдураҳмонов бу йилги парламент сайловидан кейин яна лавозимга тайинланди.

Ўзини “вилоятнинг отаси” дейдиган “ҳокимбува” спортчиларга ҳали уй, ҳали телефон совға қилади. Миллиардлаб пул сарфлаб жаҳон юлдузларини Андижонга олиб келади. Журналистлар уни танқид қилганда эса “қўлларингдан бало ҳам келмайди” дейдиган ҳам Абдураҳмоновнинг ўзи. Қайсидир тадбирга кўп пул сарфлангани танқид қилинганда эса Андижон халқи бир маза қилишини айтадиган ҳоким бу сафар ҳам давлатнинг мулкини кўчириш, бузишда ана ўша Андижон халқини эшитади деган умидимиз йўқ эмас.

Бобур ҳайкалининг кўчирилиши, Алишер Навоий боғининг ўрнига City қурилиши каби ишлар тегишли ташкилотлар рухсати билан амалга оширилади, бу ерлар таниш-билишларга берилмайди, халқнинг фикри олинади деган яхши гумонда бўламиз.


Мақола муаллифи

Теглар

Андижон вилояти Шуҳрат Абдураҳмонов Бобур ҳайкали

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг