Андижонда мактаб директори кеч келган қизларни жазо сифатида ўтириб-турғизди
3-саҳифа
−
12 Сентябрь
4026Ижтимоий тармоқларда Андижон вилоятининг Андижон шаҳридаги 5-сонли мактабда дарсга кечикиб келган ўқувчи қизлар ўтириб-туриш машқи билан жазоланаётгани акс этган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан Болалар омбудсмани муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ҳолат Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг назоратига олинган.
“Таълимдаги тартиб-қоидалардан четга чиқиб, ўқувчиларга нисбатан турли жазолаш усулларини қўллаш ҳамда болани оммавий изза қилиш унинг шаъни ва қадр-қимматини поймол этади – бу боланинг конституциявий ҳуқуқларини бузишдир. Бундай номақбул ҳаракатлар жавобсиз қолиши мумкин эмас”, дейилади Болалар омбудсмани муносабатида.
Видеода бир гуруҳ ўқувчи қизларнинг мактаб дарвозасидан кирган жойларида ўтириб-туриш машқини бажараётганини кўриш мумкин.
Маълумот учун, 2022 йилнинг июль ойида вазир буйруғи билан тасдиқланган “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидалари”га кўра, ўқитувчилар жамоа аъзолари ва бошқаларнинг шахсияти, қадр-қиммати камситилиши, ўқувчиларни дарс машғулотларидан асоссиз чиқариб юбориш ёки киритмаслиги ҳамда чиқиш қўнғироғи чалингандан кейин ўқувчиларни синфхонада ушлаб ўтириши ҳам мумкин эмас.
Ўқувчилар ички тартиб ва одоб-ахлоқ қоидаларини бузган тақдирда уларнинг қоғоз ёки электрон кундалигига танбеҳ ёзилиши, қоида бузилиш ҳолатлари такроран кузатилганда эса ўқувчини мактаб ички назорат рўйхатига олиш ва якка тартибда шуғулланиш, бу ҳам фойда бермаса, қоида бузган ўқувчини бошқа синфга ўтказиш, синф жамоаси орасида муҳокама қилиш, ота-онаси (уларнинг ўрнини босувчи шахслар)ни мактабга таклиф қилиш белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хоразмдаги мактабда ўқитувчи бошланғич синф ўқувчисини аёвсиз калтаклаганди. Самарқанд вилоятидаги мактабда эса директор карта ўйнагани, унинг ўринбосари эса ўқувчи қизни калтаклагани хабар қилинганди. Ушбу ҳодисани содир этган директор ва унинг ўринбосари ишдан бўшатилди.