Андижонда Бобур ҳайкалини кўчириб, ўрнига “дом” қуришмоқчи
Жамият
−
19 Ноябрь
4575Андижон вилоятининг Андижон шаҳридаги Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкалини кўчириб, унинг ўрнига тураржой мажмуаси барпо этилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолатга вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати муносабат билдирди.
Ўзбекистон вазирлик ва идораларига келишиш учун юборилган “Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳасининг 16-бандида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳайкалини Андижон шаҳридаги “Регистон” майдонига кўчириш, бунинг ҳисобига бўшайдиган 1,2 гектар ер участкасида 2 та 20 ва 16 қаватли тураржой мажмуаси барпо этилишини ҳамда 90 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция маблағлари киритилишини таъминлаш қайд этилган.
Шунингдек, вилоят ҳокимлиги таклифи билан Алишер Навоий номидаги истироҳат боғини замонавий услубда реконструкция қилиш ва унинг атрофидаги 10,7 гектар ер участкасида Andijon city ишбилармонлик маркази, 19 та 18 қаватли ва 7 та 28 қаватдан юқори тураржой ва хизмат кўрсатиш мажмуалари барпо этилиши ҳамда 288 миллион доллар инвестиция киритилишини таъминлаш кўзда тутилган.
Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизматининг берган муносабатига кўра, Бобур ҳайкалини кўчириш ва майдонга тураржой қуриш таклифига Илмий кенгаш вакиллари, Бобуршунослар ҳамда Андижон оқсоқоллари бошчилигида ушбу мавзу муҳокама этилиб, керакли хулоса олинган.
“Буюк шоир хотирасини эъзозлаш мақсадида унга атаб ўрнатилган ҳайкал, шоҳ Бобурнинг ўзи туғилиб ўсган “Эски шаҳар” ҳудудидаги ўзбек тарихини ўзида акс эттирган “Регистон” майдонига кўчирилиб, майдонни ўзига хос қўшимчалар билан бойитиш ва янги, кўркам майдон барпо этишга келишилган. Ҳозирда бу режани амалга ошириш учун катта тайёргарликлар кўрилмоқда”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, аввалги майдон ўрнида аҳоли учун “Savdo Mall” мажмуаси, кўнгилочар марказлар, офислар ва аҳоли учун хизмат кўрсатишга мўлжалланган бошқа турдаги замонавий бинолар барпо этиш лойиҳаси таклиф этилган.
“Ушбу майдон ўрнида тураржойлар қуриш режаси мавжуд эмас, тармоқларда кузатилган тураржой қурилиши ҳақидаги маълумотлар тасдиқланмайди”, дейилган хабарда.
Бироқ вилоят ҳокимлиги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғининг 10,7 гектар қисмида Andijon city қурилишига тўхталмаган.
LiveБарчаси