БМТ Россиянинг тарихий обидаларга зарба берганини кескин қоралади

Олам

image

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш Россиянинг Одессага ракета ҳужуми уюштиргани, бунинг оқибатида икки киши ҳалок бўлгани ва Преображенский кафедраль собори ҳамда шаҳарнинг тарихий марказидаги бошқа бир қанча тарихий бинолар зарар кўрганини қатъий қоралади. Бу ҳақдаги баёнот кеча, 23 июль куни ташкилотнинг расмий сайтида БМТ воизи Стефан Дюжаррик номидан эълон қилинди.

Баёнотда собор ва бошқа тарихий ёдгорликларнинг ўққа тутилиши Жаҳон мероси конвенцияси томонидан қўриқланадиган ҳудудга ҳужум деб аталган. Шунингдек, унда Россиянинг Украинага ҳужуми бошланганидан бери UNESCO Украинадаги камида 270 та маданий обидага, жумладан, 116 диний обидага зарар етказилганини тасдиқлагани келтирилган. 

“БМТ Бош котиби Россия Федерациясини кенг ратификация қилинган халқаро меъёрий ҳужжатлар билан ҳимояланган объектлар, Украинадаги фуқаролик инфратузилмаси ва унинг тинч аҳоли вакилларига ҳужумларни зудлик билан тўхтатишга чақиради”, дейди Дюжаррик.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият агентлиги (UNESCO) ҳам Россия Федерациясини халқаро шартномаларга риоя қилишга чақирган. 

“Ушбу даҳшатли вайронагарчилик Украинанинг маданий меросига нисбатан зўравонлик кучайиб бораётганидан далолат беради. Мен маданиятга қилинган бу ҳужумни кескин қоралайман ва Россия Федерациясини халқаро ҳуқуқ, жумладан, 1954 йилдаги Маданий мулкни ҳимоя қилиш тўғрисидаги Гаага конвенцияси ҳамда БМТнинг Жаҳон қуролли тўқнашуви пайтидаги Маданий мулкни ҳимоя қилиш тўғрисидаги конвенцияси бўйича ўз мажбуриятларини бажариш учун конструктив чоралар кўришга чақираман”, деган UNESCO Бош директори Одри Азулей.

Шу билан бирга, ташкилот бундан бир неча кун олдин Россиянинг Украинадаги ҳужумлари фуқаролик ва маданий объектларнинг вайрон бўлишига олиб келганига эътибор қаратган. Айтиш жоизки, Одессанинг тарихий маркази 2022 йилнинг кузида UNESCO'нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Уни Россия ҳужумларидан ҳимоя қилишга уриниш ушбу рўйхатга киритилиш сабабларидан бири сифатида келтирилган.

Баъзи таҳлилчиларнинг фикрича, Одессанинг оммавий ўққа тутилиши Россиянинг “дон битими” дан чиқиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Маълумки, Россия 18 июлда муддати тугаган “ғалла келишуви”ни тарк этганидан сўнг, дарҳол Украина жануби, жумладан Одессани ўққа тутишни кучайтирган. Кил университети Хавфсизлик сиёсати институтининг денгиз стратегияси ва хавфсизлиги бўйича эксперти Йоханнес Петерснинг айтишича, Москва Украина донини экспорт қилишнинг муқобил йўллари энди хавфсиз эмаслигини кўрсатишга ҳаракат қилмоқда. 

Шу билан бирга, украиналик кузатувчиларнинг фикрига кўра, Москванинг шартномани узайтиришни хоҳламаганига Россия Тамань портига ўзининг аммиак қувури қурилишини деярли якунлагани ва ўз донини Эрон орқали экспорт қилиш учун янги йўналишларни ишлаб чиқа бошлагани сабаб бўлган. Масалан, бугун, 24 июлга ўтар кечаси Кремль сайтида чоп этилган мақолада ҳам Россия Президенти Владимир Путин “Россия Украина ғалласини ҳам тижорий, ҳам текин ўрнини боса олиши”ни ёзган.

Россия Мудофаа вазирлиги эса тарихий обидаларга ҳужум қилинмагани, улардаги вайронагарчилик Украина ҳаво ҳужумидан ҳимоя тизими операторларининг “саводсизлиги” оқибати эканини даъво қилган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 июль куни Россия армияси Одессага ракета ҳужумларини бошлаганди. Россия Аэрокосмик кучлари ва денгиз флоти авиацияси жалб қилинган ҳужумда Украина инфратузилмасига Х-22 ракеталари, “Калибр” қанотли ракеталари ва камикадзе дронлари билан зарба берилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия БМТ Украина Одесса UNESCO Антониу Гутерриш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг