БМТ Хавфсизлик Кенгаши Яман ҳудудига зарба берган АҚШ ва Британияни жазоламади
Олам
−
13 Январь
4951Кеча, 12 январь куни Россиянинг талаби билан АҚШ ва Буюк Британиянинг Ямандаги ҳусийларга тегишли объектларга ҳужуми юзасидан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг йиғилиши чақирилди. Бу ҳақда БМТ сайтида эълон қилинган баёнотда маълум қилинди.
Йиғилишда ҳусийларга зарбалар бериш қонуний эканлиги таъкидланди. Айни пайтда Россия ва Хитой Вашингтон ва Лондонни минтақадаги кескинликни кучайтирганликда айблади.
Россия АҚШ-Буюк Британия операциясини “номутаносиб ва ноқонуний” деб атади.
Бошқа давлатлар АҚШ ва Британиянинг ҳусий нишонларига зарбалари Исроил-ҲАМАС уруши туфайли аллақачон юқори бўлган минтақадаги кескинликни кучайтириши мумкинлигидан хавотир билдирди.
АҚШнинг БМТдаги элчиси Линда Томас-Гринфилд эса АҚШ ва Буюк Британиянинг зарбалари халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомига мувофиқ эканини айтди.
“Операциядан мақсад ҳусийларнинг кемалар ва тижорий юк ташишларга бепарво ҳужумларини давом эттириш қобилиятини бузиш ва заифлаштириш эди”, дейди дипломат.
Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар тижорий юк ташишни ҳимоя қилишга уриниб, дипломатик келишувга интилишда давом этади.
"Биз Нидерландия, Канада, Баҳрайн ва Австралиянинг оператив бўлмаган ёрдами билан ўзимизни ҳимоя қилиш учун чекланган, зарур ва мутаносиб чоралар кўрдик", дейди Британия вакили Сюзан Вудворд.
Россия доимий вакили Василий Небензя эса АҚШ ва Буюк Британиянинг зарбалари халқаро ҳуқуқни бузаётганини ва минтақадаги кескинликни кучайтирганини айтди.
"Тижорий юк ташишни ҳимоя қилиш бошқа нарса, унга ҳужум қилиш мумкин эмас, лекин бошқа давлатни номутаносиб ва ноқонуний бомбардимон қилиш мутлақо бошқа нарса", дея таъкидлайди у.
У БМТнинг асосий вазифаси тинчликка таҳдидларнинг олдини олиш ва халқаро ҳуқуқ тамойилларига мувофиқ босқинчилик ҳаракатлари ёки тинчлик бузилишининг бошқа ҳолатларини бостириш эканини эслатди.
“Кеча биз айнан шундай вазиятга – бир гуруҳ давлатлар томонидан бошқа давлатга қуролли тажовуз қилинишига - дуч келганимизни катта афсус билан қайд этамиз”, дейди дипломат.
У Оқ уйнинг тажовузга оид далилларини оқлаб бўлмас деб атади. Шу билан бирга, Небензянинг айтишича, Яманга қилинган ҳужумлар ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқига ҳеч қандай алоқаси йўқ, чунки БМТ Низомининг 51-моддаси тижорий кемалар билан боғлиқ вазиятга нисбатан қўлланилмайди.
Қайд этиш жоизки, БМТ Низомининг 51-моддасида БМТ аъзолари томонидан ўз-ўзини ҳимоя қилиш ҳуқуқини амалга оширишда кўрилаётган чоралар зудлик билан Хавфсизлик Кенгашига маълум қилиниши кўрсатилган.
Ўз навбатида, Хитойнинг БМТдаги доимий вакили Чжан Цзюнь БМТ Хавфсизлик Кенгаши Яманга қарши куч ишлатишга рухсат бермаганини эслатган.
“АҚШ-Буюк Британия операцияси нафақат инфратузилманинг вайрон бўлиши ва тинч аҳолининг қурбон бўлишига олиб келди, балки Қизил денгиздаги хавфсизликка таҳдидни ҳам оширди", дейди у.
БМТ Бош котибининг ёрдамчиси Холид Хиари ҳам сўзга чиқиб, АҚШ ва Британиянинг Яманга ҳужумлари ва ҳусийлар томонидан жавоб қайтарилиши эҳтимоли 2014 йилдан бери фуқаролар уруши давом этаётган мамлакатнинг сиёсий барқарорлигига таҳдид солишини айтди.
“Биз Яман ва минтақадаги сиёсий хавфсизлик, шунингдек, иқтисодий ва гуманитар оқибатларга жиддий хавф соладиган зўравонлик даврининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Можародаги сўнгги гуманитар яхшиланишлар заиф ва агар бошқа ҳодисалар бўлса, осонгина ўзгартирилиши мумкин", дейди Хиари.
БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғишидан сўнг брифинг ҳам бўлиб ўтди. Унда Небензя БМТ Хавфсизлик Кенгаши АҚШ ва унинг иттифоқчиларига Яманга қилинган ҳужумлар учун санкция бермаганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 12 январь куни АҚШ ва Буюк Британия Ямандаги 60 та объектга, жумладан радарлар, ҳаво мудофаа тизимлари, омборлар, дрон ва ракеталарни учириш жойларига ҳужум қилганди. Ҳусийлар АҚШ ва Британиянинг ҳужуми оқибатида беш аскари ҳалок бўлганини маълум қилган.
Британия ва Америка расмийларининг айтишича, бу ҳужум 2023 йил декабрь ойидан бери тез-тез учраган Қизил денгиздаги халқаро кемаларга қилинган ҳужумларга жавоб бўлган.
АҚШ Президенти Жо Байденнинг айтишича, Ямандаги зарба Қизил денгиздаги “мисли кўрилмаган ҳусий ҳужумлари”га жавоб бўлган ва мудофаа характерига эга. Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак ҳам ҳусий позицияларига зарбалари ўзини ҳимоя қилиш учун қилинган, чекланган ва мутаносиб ҳаракат эканини таъкидлади.
Ҳусийлар эса АҚШ ва Британия қўшинларининг Яманга ҳужуми Ғарбнинг Ғазодаги вазиятдан эътиборни чалғитишга уриниши эканини даъво қилди. Улар бу зарбага қарамай, Қизил денгиздаги Исроил билан боғлиқ фуқаролик кемаларига ҳужум қилишда давом этишини билдирди.
Бугун, 13 январь куни маҳаллий вақт билан 3:45 да Америка қўшинлари Ямандаги ҳусийларнинг радиолокацион станциясига ҳужум қилди.
LiveБарчаси