БМТ Бош котиби инсониятни ўзини ўзи ўлдирмасликка чақирди

Олам 1776
image

Ер сайёраси хавф остида, чунки инсоният табиатга қарши уруш олиб бормоқда. Бу ҳақда Колумбия университети томонидан ташкил этилган "Сайёра ҳолати" онлайн-конференциясида БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш сўз очди.

“Атроф-муҳитга бундай масъулиятсиз муносабат ўз жонига қасд қилиш билан баробардир. Табиат бу муносабатларга, жуда катта куч ва ғазаб билан, албатта, жавоб қайтаради", деди у.

Бош котибнинг сўзларига кўра, иқлим ўзгаришига қарши кураш XXI асрда инсоният учун устувор вазифалардан бирига айланиши керак.

Антониу Гутерриш ўз нутқида сайёрада содир бўлаётган воқеаларнинг пессимистик манзарасини баён қилди. 

“Биологик хилма-хиллик йўқ қилинмоқда, тирик мавжудотларнинг миллионга яқин турлари хавф остида қолмоқда, бутун экотизим кўз олдимизда қуламоқда, ҳар йили ўн миллион гектаргача ўрмон йўқ бўлиб бормоқда. Жаҳондаги океанларнинг суви камайиб, улар пластик чиқиндилар билан тўлмоқда. Маржон рифлари рангсизланиб, йўқ бўлиб бормоқда. Ҳар йили ҳаво ва сув ифлосланишидан тўққиз миллионгача одам вафот этади, бу коронавирус пандемиясининг ҳозирги зарарларидан олти баравар кўпдир”, деди БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш.

Унинг таъкидлашича, COVID-19 пандемияси Ер атмосферасининг ифлосланишини вақтинча камайтирди, аммо карбонат ангидрид даражаси энг юқори ҳолатда сақланиб қолмоқда ва бу ўсишда давом этмоқда. Глобал иқлим ташаббуслари ҳали аниқ натижалар бермаган. Иссиқхона газлари халқаро иқлим бўйича музокаралар бошланган 1990 йилга нисбатан ҳозирга келиб 62 фоизга кўпайган.

БМТ Бош котибининг сўзларига кўра, иқлим инқирозига қарши курашда инсоният учта мажбурият билан юзлашади.

Биринчидан, яқин ўттиз йил ичида халқаро ҳамжамият глобал углерод нейтраллигини сақлаб қолиши керак, яъни атмосферага чиқадиган зарарли чиқиндилар кўрсаткичи нолга тушиши лозим. Дунё миқёсида глобал иқтисодиётнинг 70 фоизидан кўпроғига эга бўлган мамлакатлар келгуси йил бошига қадар углерод нейтраллиги бўйича катта мажбуриятларни қабул қилишлари кутилмоқда.

Иккинчидан, халқаро ҳамжамиятдаги ҳукуматлар ўзларининг молиявий сиёсатини иқлим бўйича глобал ҳаракатлар режаси – Париж келишуви билан мувофиқлаштириши керак.

Учинчидан, БМТ Бош котибининг сўзларига кўра, инсоният энг заиф минтақаларни ва уларда яшайдиган халқларни хавфли иқлим таъсиридан ҳимоя қилиш учун тез ўзгарувчан иқлимга мослашиши керак.
 

Сарвар Анвар ўғли
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 36
Рейтинг: 2.9
t
×