Blue Origin космик туризм дастурини музлатади
Олам
−
01 Февраль 1764 2 дақиқа
Миллиардер Жефф Безосга тегишли Blue Origin аэрокосмик компанияси суборбитал космик туризм дастурини камида икки йилга музлатишга қарор қилди. Бу ҳақда “The New York Times” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, бундай қарорнинг асосий сабаби компаниянинг барча муҳандислик ва молиявий ресурсларини NASA билан тузилган шартномаларни бажаришга йўналтириш истаги бўлган. Гап Artemis дастури доирасида астронавтларни Ойга қайтаришни мақсад қилган қўниш модулини ишлаб чиқиш ҳақида кетмоқда.
Ой бўйича шартнома қиймати 3,4 миллиард АҚШ долларига баҳоланмоқда, бу эса туристик парвозлардан олинадиган даромаддан анча юқори. АҚШ ҳукумати 2030 йилга бориб Ер йўлдошида доимий таянч пунктини барпо этишни режалаштирмоқда.
New Shepard дастури фаолияти натижалари қуйидагича:
- 2021 йилдан буён ракета Ғарбий Техасдан 38 марта учирилган;
- космос чегарасида (100 километрдан юқорида) 98 нафар йўловчи бўлган;
- сайёҳлар орасида Жефф Безоснинг ўзи, актёр Уилям Шатнер ва хонанда Кети Перри ҳам бўлган;
- олти кишилик экипаж билан сўнгги парвоз ўтган ҳафта амалга оширилган.
Космосга учишни истаганлар навбати йиллар давомида шаклланганига қарамай, компания ўз саъй-ҳаракатларини қайта тақсимлаган. Мутахассислар New Shepard’нинг қайта фойдаланиш тажрибасини оғир юк ташувчи New Glenn ракетасини яратишда қўллаган. Кутилишича, ушбу ташувчи паст Ер орбитасига 45 тоннагача юк чиқариш имконига эга бўлади.
Ойга оид амбициялардан ташқари, Blue Origin 5 минг 408 та сунъий йўлдошдан иборат TeraWave алоқа тармоғини йўлга қўйишни режалаштирмоқда ва Марсга йўналтирилган миссиясини ҳам давом эттирмоқда. 2024 йилда учирилган зондлар Қизил сайёрага 2027 йил кузида етиб бориши кутилмоқда.
Маълумот учун, Жефф Безос Blue Origin компаниясини 2000 йилда, Amazon ташкил этилганидан олти йил ўтиб асос солган. Компания лойиҳалари ракеталар ва космик кемалардан тортиб, космик станциялар ҳамда Ойга қўниш модулларигача бўлган турли йўналишларни қамраб олади. New Shepard ракетасининг космосга илк парвози 2015 йилда амалга оширилган.
Live
Барчаси