Блогернинг телефонини олиб қўйган солиқчилар ишдан бўшатилди – Беҳзод Мусаев

Жамият

image

Давлат солиқ қўмитаси бир неча кун аввал Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан блогер Азизбек Ашурбоевнинг ҳуқуқлари бузилганлигига доир эълон қилинган хабар бўйича вазиятни ўрганиб чиқди.

Қўмита раиси Беҳзод Мусаевнинг таъкидлашича, ўрганиш натижасида 2019 йил 7 июнь куни Азиз Ашурбоевнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида реклама жойлаштириши билан боғлиқ назорат тадбирида Миробод тумани давлат солиқ инспексияси ходимлари О.Зияев ва Ш.Ҳасанов ўз ваколатлари доирасидан четга чиққанликлари ва солиқ органларининг касб одоби қоидаларини бузганлиги аниқланди.

“Азиз Ашурбоев томонидан содир этилган ҳуқуқбузарликни бартараф этиш учун унинг шахсий уяли алоқа телефонини тортиб олмаган ҳолда, тушунтириш ишларини олиб бориш ва зарур ҳужжатларни расмийлаштириш билан кифояланиш лозим эди.

Касбий фаолиятида йўл қўйган камчиликлари учун ушбу ходимлар лавозимидан озод этилди.

Келгусида шу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Давлат солиқ қўмитаси бундай низоларни ҳал қилиш механизмини жорий этиш масаласини қонуний ва ахлоқий жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда кўриб чиқишга киришди.

Давлат солиқ қўмитаси ўз фаолияти очиқлигини таъминлашдан манфаатдор бўлиб,  бу йўлда журналистлар ва блогерлар билан яқин ҳамкорлик қилиш, уларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва қонуний ҳуқуқлари ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр эканлигини билдиради”, дейилади Қўмита хабарида.

Жорий йилнинг 12 июнь куни ижтимоий тармоқларда “Блогерни тунаган қароқчи” сарлавҳали мақола тарқалди. Унда Instagram ижтимоий тармоғида 300 минг обуначиси бўлган блогер Азиз Ашурбоев 8 июнь куни реклама масаласида ушрашувга бориб, реклама учун 400 минг сўмни олган вақтида бегона шахслар етиб келишгани, улар ўзларини солиқчилар сифатида таништириб, телефонини олиб қўйишгани, «Инстаграм»даги саҳифасининг паролларини ўзгартириб, саҳифасига эга чиқишгани, ижтимоий тармоқдаги бошқа саҳифаларидаги ёзишмаларини ҳам кузатишаётганидан шикоят қилганди.

13 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникация агентлиги директори Комил Алламжонов ўзининг Twitter`даги саҳифасида ДСҚга мурожаат қилиб, блогер Азиз Ашурбоев билан боғлиқ ҳолат ўрганиб чиқилиб, инспекторнинг хатти-ҳаракати қонунга зидлиги аниқланса унга нисбатан чора кўрилишини талаб қилганди.
Кейинроқ Давлат солиқ қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев блогердан узр сўради.

14 июнь куни Бош прокуратура шайсий мулки солиқчилар томонидан олиб қўйилган блогер бўйича муносабат билдирди ва блогерлик фаолияти ҳимоя остида эканини таъкидлади.


Мақола муаллифи

Теглар

солиқ блогер

Баҳолаганлар

55

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг