Блинкен Россияни Украина ерлари бўйича огоҳлантирди
Олам
−
30 Июль 2022
12984АҚШ Давлат департаменти раҳбари Энтони Блинкен ва Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров кеча, 29 июль куни Украинада уруш бошланганидан бери илк бор телефон орқали мулоқот қилди. Россия ТИВнинг алоҳида урғулашича, суҳбат Америка томонининг ташаббуси билан ўтказилди.
Суҳбат мавзуларидан бири Украинадаги уруш бўлди. Давлат департаменти раҳбари россиялик вазир билан суҳбатда жаҳон ҳамжамияти Россиядан Украина донини экспорт қилиш бўйича келишув бўйича ўз мажбуриятларини бажаришини кутаётганига ишора қилган. Лавров, шунингдек, жаҳон озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги вазият АҚШнинг Россия Федерациясига қарши санкциялари туфайли мураккаблашаётганини айтди.
Бундан ташқари, Блинкен дунё Украинанинг янги ҳудудлари аннексия қилинишини ҳеч қачон тан олмаслигини, агар бу содир бўлса, Россия қўшимча жазо чораларига дуч келишини таъкидлаган. Ўз навбатида, Лавров Россия Украинадаги урушнинг барча “мақсадлари ва вазифаларини” амалга ошириш ниятида эканлигини билдирган.
“Россияликлар бу ҳақда шахсан биздан эшитишлари жуда муҳим – нафақат биз буни (аннексияни – таҳр.) тан олмаслигимиз, балки қўлланиладиган жиддий санкциялар туфайли бу Россияга қимматга тушиши ҳам муҳим”, деган Блинкен журналистларга Лавров билан суҳбатдан кейин.
Блинкеннинг сўзларига кўра, Россия “Украинанинг бу ҳудудларида одамлар қандайдир йўл билан Россия таркибига киришга интилаётгандек кўриниш яратишга” уриниб, “қўлбола референдумлар”га тайёргарлик кўрмоқда. Бу овоз беришлар Россия Президенти Владимир Путиннинг “Украина ҳудудини имкон қадар кўпроқ ютиб юбориш” истаги учун уюштирилмоқда, дея қўшимча қилган АҚШ Давлат департаменти раҳбари.
LiveБарчаси