Блинкен Исроилнинг ҲАМАС билан можарони ҳал қилишга қаратилган ҳаракатларини танқид қилди
Олам
−
02 Май
4072Исроил ҲАМАС билан давом этаётган можаросини ҳал қилишга уринишда яхши иш тутмаяпти, шунингдек, Рафаҳ шаҳрида режалаштирилган операция контекстида тинч аҳолини ҳимоя қилиш режасини ҳали тақдим этмади. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен NBC телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
"Тинч аҳолини ҳимоя қилиш бўйича аниқ ва ишончли режасиз Рафаҳдаги йирик ҳарбий операцияни қўллаб-қувватламаймиз. Биз бундай режани кўрмаганмиз. Бундан ташқари, ҲАМАС билан давом этаётган можарони ҳал қилиш учун Исроил нима қилиши керак бўлса, бунинг яхшироқ йўллари бор. Биз бу ҳақда улар (Исроил расмийлари) билан гаплашдик ва бу музокараларни давом эттиришга келишиб олдик”, дейди у.
Америка ташқи сиёсат департаменти раҳбари Рафаҳдаги операция Фаластин анклавида сулҳ битимини тузиш жараёнига таъсири ҳақида гапиришдан бош тортди.
"Одамлар ҳар хил гаплар айтишади. Аммо келинг, улар нима қилаётганига, биз нима қилаётганимизга эътибор қаратайлик. Ҳозир энг муҳим ва долзарб масала – ҲАМАСнинг жуда яхши таклифга муносабатини билиш. Бу яхши келишув эканига ҳамма қўшилади, чунки у зудлик билан ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни қайтаришга олиб келади”, дейди Блинкен.
Унинг таъкидлашича, “дастлабки ўт очишни тўхтатиш ва гаровга олинганларни қайтариш”га эришилган тақдирда Вашингтон Исроил билан секторда доимий ўт очишни тўхтатишга эришиш учун ҳамкорлик қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Миср Исроил томони билан келишилган ташаббусни ҲАМАСга топширган эди, бу ташаббус Ғазо секторида гаровга олинган 20 дан 40 нафаргача кишини сулҳ эвазига озод этилишини назарда тутади. ҲАМАС делегацияси Миср томонига ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги сўнгги таклифга ўз муносабатини билдириш учун Қоҳирага келиши кутилмоқда. “Al-Qahira Al-Ihbariya” телеканали манбасига кўра, ҲАМАС ва Исроил ўртасидаги келишувга "яқин бир неча кун ичида, ҳатто айрим шартларга қарамай" эришилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь