“Бизнинг душманимиз Украина армияси эмас, рус бюрократидир” – Пригожин яна Путиндан “нолиди”
Олам
−
09 Май 2023
14924Россияда 9 май паради бўлиб ўтган бир пайтда “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин яна фронтдаги аҳволнинг аянчли эканини айтиб, мурожаат қилди.
Пригожиннинг айтишича, Россия Мудофаа вазирлиги бўлинмаларидан бири Бахмутдаги 2 километрлик позициясини ташлаб қочган. У Мудофаа вазирлигини яна бир бор танқид қилган.
“Мудофаа вазирлиги ҳеч қачон ваъда қилинган қуролларни тақдим этмаган. Сўралган қуролларнинг атиги 10 фоизи берилди. Бизни алдашди”, дейди у.
“Вагнер” раҳбари, шунингдек, унинг қўшини Бахмутдан кетмаслигини маълум қилди.
Пригожиннинг айтишича, Украина ҳарбийлари Бахмут йўналишида қанотларни ёриб ўтмоқда ва яқин орада қарши ҳужумга ўтиб кетиши мумкин.
“Бизнинг душманимиз Украина қуролли кучлари эмас, рус бюрократидир. Агар биз Бахмутдан кетсак, фронт “сочилиб” кетади ва “укроплар” (Украина қўшинлари назарда тутилмоқда) Москвага қадар етиб боради ”, дейди Пригожин.
Пригожин охирги вақтларда Бахмутда жанг қилаётган “Вагнер”чиларга етарлича ўқ-дори ва қуроллар берилмаётгани ҳақида айтиб келмоқда. Сўнгги марта у Бахмутда ҳалок бўлган аскарларнинг тасвирини намойиш этиб, Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгуни ҳақорат қилганди. Пригожин агарда “Вагнер” қўшинлари “Россия ҳарбий омборларида сақланаётган қуроллар”ни олмас экан, 10 май куни шаҳарни тарк этишини ва назорат остидаги позицияларни Россия мунтазам қўшинларига топширишини таъкидлаганди.
Бугун Қизил майдонда бўлиб ўтган парадни кузатганлар ҳам тадбирда фақат битта танк – совет давридаги Т-34 намойиш этилганига эътибор қаратган. Шунингдек, эҳтимол, хавфсизлик талаби жиҳатдан параднинг авиация техникалари иштирокидаги қисми бекор қилинди. Умуман олганда, парад 47 дақиқа давом этиб, олдинги йиллардагига нисбатан энг қисқаси бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь