Бизга арзон эмас, узоқ йил хизмат қиладиган сифатли йўл керак – Президент

Ўзбекистон

−

visibility1731 timer2 дақиқа

image

Ҳозир Ўзбекистонга арзон қурилиб, эртага яна бюджетдан пул талаб қиладиган йўл эмас, узоқ йил хизмат қиладиган сифатли йўл керак. Бу ҳақда бугун, 27 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев транспорт-логистика соҳасидаги инвестор ва тадбиркорлар билан учрашувда сўз очди.

Президент учрашувда йўл соҳасида Ўзбекистон билан яқиндан ҳамкорлик қилаётган халқаро молия ташкилотларига миннатдорлик билдирган. 

Сўнгги йилларда мамлакатда йўл қурилиши бўйича малакали мутахассислар, йирик маҳаллий пудратчи ва муҳандислик-консалтинг компаниялари шакллангани, замонавий техника билан таъминлаш борасида ҳам катта имкониятлар яратилгани таъкидланган. 

Халқаро молия институтларига маҳаллий мутахассисларни дунё миқёсидаги йирик лойиҳаларга муҳандис-консультант сифатида жалб қилиш, йўл қурилишида тажриба орттирган компанияларимизни хорижий тендерларда иштирок этишга тайёрлаш бўйича қўшма дастур ишлаб чиқиш таклиф этилди.

“Бизга бугун арзон қурилиб, эртага яна бюджетдан пул талаб қиладиган йўл эмас, узоқ йил хизмат қиладиган сифатли йўл керак”, дейди давлат раҳбари. 

Полимер битумдан тўғри технология асосида фойдаланиш йўлнинг хизмат муддатини 3-4 йилга узайтириш, юқори ҳароратга чидамлилигини ошириш ва такрорий таъмирлаш харажатларини камайтириш имконини беради. 

Келгуси йилнинг март ойидан Фарғона нефтни қайта ишлаш заводида 50 минг тонна полимер битум ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Йил якунига қадар ишлаб чиқариш қувватини камида 100 минг тоннага етказиш топширилган. 

Урганч – Хива пулли йўлининг асфальт-бетон қопламасида илк бор геотекстил материали қўлланилди. Ушбу технология юкламани тенг тақсимлаш, қопламани деформациядан сақлаш ва йўлнинг хизмат муддатини 4-5 йилга узайтиришга хизмат қилади. 

Мутасаддиларга полимер битум ва геотекстил технологияларидан фойдаланишни йўл қурилиши стандартларига киритиш вазифаси қўйилган. 

Келгуси йилдан халқаро аҳамиятдаги йўлларни қуриш ва реконструкция қилишда мазкур талаб мажбурий бўлади, кейинчалик давлат ва маҳаллий аҳамиятдаги йўлларга ҳам татбиқ этилади.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг