Биздан ён беришимизни кутишмасин – Эрдўған

Олам 10684
image
-

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Анқара Швеция ва Финляндия терроризмга қарши кураш бўйича ўз мажбуриятларини бажармагунча НАТО аъзолигини қўллаб-қувватламаслигини ва бу борада ҳеч қандай ён бермаслигини айтди. У бу ҳақда кеча, 25 июль куни TRT телеканалига берган интеврьюсида сўз очган. 

"Швеция ва Финляндия террор ташкилотларини қўллаб-қувватлашни тўхтатмагунича, НАТОга аъзо бўлишларига биздан ижобий муносабат кутмаслиги керак. Бу масалада ҳеч ким биздан ён беришимизни кутмасин", дейди Эрдўған. 

Унинг қўшимча қилишича, Туркия парламенти, агар вазият ўзгармаса, Шимолий Атлантика альянсига қўшилиш протоколини тасдиқламайди. 

"Агар улар дарҳол НАТОга қабул қилинамиз деб ўйлашса, бу кўринадиган даражада оддий масала эмас. Мадридда имзоланган меморандум фақат таклифномадир ва биз бу ҳақда барча ҳамкасбларимизга айтдик", дейди Президент.  

Швеция ва Финляндия масаласи

18 май куни Финляндия ва Швеция НАТОга аъзо бўлиш учун ариза берди, бироқ Туркия бу давлатлардан ФЕТО, Курдистон ишчилар партияси ва Сурия Халқ мудофааси кучлари ташкилотларини террорчи деб эълон қилишни, терроризмда ёки 2016 йилдаги давлат тўнтаришига уринишда иштирок этишда айбланганларни Анқарага экстрадиция қилишни ва Туркияга қурол етказиб беришга қўйилган тақиқларни олиб ташлашни талаб қилиб, аъзолик жараёнини дарҳол тўхтатди. 

Жорий йилнинг 28 июнь куни Мадридда НАТО саммити бошланишидан олдин Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Финляндия Президенти Саули Ниинистё, Швеция Бош вазири Магдалена Андерссон ва альянс бош котиби Йенс Столтенберг ўртасида музокаралар бўлиб ўтди. Уларнинг натижаларига кўра, Стокгольм ва Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлишига рухсат берувчи меморандум имзоланди. Туркия раҳбарининг сўзларига кўра, Анқаранинг барча талаблари бажарилишига келишиб олинган. Унга кўра, Швеция террорчилик фаолиятида иштирок этган 73 кишини экстрадиция қилишга ваъда берган.

30 июнь куни НАТО саммитидан кейин матбуот анжуманида иштирок этган Эрдўған, Швеция ва Финляндия учун қувонишга ҳали эрталигини, улар шартни бажарсагина, Туркия парламенти Стокгольм ва Хельсинкининг НАТОга аъзо бўлишига оид ҳужжатни ратификация қилишини айтди

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 65
Рейтинг: 3
t
×