Биз урушдан қўрқмаймиз – Аҳмад аш-Шара
Олам
−
17 Июль 15430 2 дақиқа
Сурия ҳукумати друзлар масаласида ташқи кучларнинг аралашишига йўл қўймайди, Сурия халқи эса урушдан қўрқмайди. Бу ҳақда бугун, 17 июль куни Суриянинг муваққат президенти Аҳмад аш-Шара халққа йўллаган мурожаатида сўз очди.
Исроил томонидан кеча, 16 июль куни Дамашққа уюштирилган кучли ҳаво зарбаларидан кейин аш-Шара ўзининг биринчи телемурожаатини эълон қилиб, унда друзларга мурожаат қилган.
У Суриянинг устувор вазифаси – друз фуқароларини, шунингдек, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш эканини таъкидлаган.
“Биз урушдан қўрқмаймиз, лекин Сурия халқининг манфаатларини вайронагарчиликдан устун қўямиз. Сизнинг ҳуқуқларингизни ҳимоя қилиш бизнинг устувор вазифамиздир ва биз сизни ташқи кучларнинг қўлига тушишингизга ҳам йўл қўймаймиз”, деган Сурия раҳбари.
Аш-Шара, шунингдек, Сурия халқи “урушдан қўрқадиганлардан эмаслигини” қўшимча қилган.
“Сурия халқи ҳам урушдан қўрқмайди ва агар унинг шаъни хавф остида бўлса, у жанг қилишга тайёр”, деган Аҳмад аш-Шара.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 16 июль куни Исроил армияси Дамашқдаги Сурия армияси Бош штаб биносига ҳаво ҳужуми уюштирганди. Исроил кучлари томонидан ўтказилган ҳужум жанубий Сурияда айниқса, Сувайда минтақасида авж олган тўқнашувлар фонида амалга оширилган. Бу ҳудудда друз жамоалари ва ҳукуматга содиқ гуруҳлар ўртасида зўравонлик кучайиб бораётгани кузатилаётган эди. Исроил расмийлари ушбу ҳужумни “друзлар ҳимояси” деб таърифлаган. 16 июль куни кечқурун Сурия ҳукумати маҳаллий этник жамоалар ўртасидаги қуролли тўқнашувлар туфайли мамлакат жануби-ғарбидаги Сувайда шаҳридан армия бўлинмалари олиб чиқилишини эълон қилди. Ҳукумат қўшинларининг минтақадан олиб чиқилиши друзлар билан тузилган сулҳ битимининг бир қисми экани айтилди. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио ҳам Вашингтон Исроил ва Сурия ўртасидаги “ташвишли ва даҳшатли вазият”га якун ясовчи чораларни келишиб олганини маълум қилди. “Axios” нашри юқори лавозимли америкалик мулозимга таяниб, АҚШнинг Суриядаги махсус вакили Том Баррак Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяхунинг маслаҳатчиси Рон Дермер билан бир неча марта телефон орқали суҳбат ўтказгани ҳақида ёзган.
Live
Барчаси