Биттадан мактабни ўқувчилар ойлик оладиган тизимга мослаштиролмаган ҳокимлар танқид қилинди

Жамият

image

Ўзбекистондаги 16 та туман ҳокими  биттадан мактабни тадбиркорларга бириктириб, ўқувчилар 2 миллиондан 5 миллион сўмгача ойлик оладиган тизимга мослаштириш топшириғини бажара олмагани учун танқид қилинди. Бу ҳақда бугун, 15 май куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган мактаб таълими тизимидаги ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш ҳамда келгусидаги устувор вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида сўз очилди.

Билдирилишича, ўтган йили 1,5 мингта мактабда Президент ва ихтисослашган мактабларнинг таълим дастури жорий қилинган. Шундан 300 тасида замонавий лаборатория ва ўқув жиҳозлари йўқлиги қайд этилди.

Икки йил олдин тармоқлар талаби асосида 289 та мактабнинг 10-синф ўқувчиларига 60 турдаги касбларни ўргатиш бошланди. Шундан 114 та мактабга тадбиркорлар бириктирилиб, 4 минг ўқувчи 2 миллиондан 5 миллион сўмгача ойлик олаяпти.

Деҳқонобод, Ғузор, Косонсой, Мингбулоқ, Уйчи, Гулистон, Сардоба, Ховос, Бойсун, Денов, Шўрчи, Музработ, Бувайда, Данғара, Ҳазорасп, Хонқа туманлари ҳокимларига  биттадан мактабни ушбу тизимга мослаштириш топшириғи берилган эди. Лекин, улар касбга ўқитиш учун на зарур жиҳоз, на хом ашё олиб бергани танқид қилинди.

Шунингдек, ўтган йили 341 минг ўқитувчи янги тизим асосида тоифага топширган бўлса, шундан 102 минг нафари имтиҳондан ўта олмагани қайд этилди.

Ишга олишда дипломга қараб эмас, билим ва малакани баҳолаш тизимига ўтилди. Бу янги тизим орқали имтиҳон қилинган 13 минг номзоддан 6 минги билими қониқарсиз бўлгани учун ишга кира олмади. 

Ёки 61 та хусусий олийгоҳда педагог-кадрлар ўқитилаётгани билан бирортасида кимё, биология ва физика бўйича муаллим тайёрланмайди.


Мақола муаллифи

Теглар

мактаб ўқитувчи ўқувчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг