Бишкекдаги митинг ортидан бир киши ҳибсга олинди
Олам
−
01 Декабрь 2023
5499Бишкекдаги “Дордой” бозоридаги митинг ва муштлашувдан сўнг савдогарлардан бири қўлга олинди. Бу ҳақда Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларидаги ўз манбаларига таяниб, “24.kg” хабар берди.
Бошқарманинг эслатишича, аввалроқ ижтимоий тармоқларда номаълум шахслар бозор ҳудудида жамоат тартибини қўпол равишда бузиб, бир эркакка тан жароҳати етказгани акс этган видео тарқалди.
Мазкур ҳолат юзасидан Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 280-моддаси “Безорилик” билан жиноят иши қўзғатилган.
“Митингдан сўнг бозордаги 3 нафар тадбиркор милицияга олиб кетилган. Иккиси қўйиб юборилган, бири М.У. вақтинчалик сақлаш ҳибсхонасига жойлаштирилган. Дастлабки маълумотларга кўра, у Вазирлар Маҳкамаси раҳбари маслаҳатчиси билан муштлашган”, дейилади хабарда.
Свердловск туман ички ишлар бошқармаси эркакнинг ҳибсга олингани ҳақидаги маълумотни тасдиқлаган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 30 ноябрь куни “Дордой” бозорида катта митинг бўлиб ўтган эди. Намойиш иштирокчилари махсус солиқ режими жорий этилишига қарши чиқди. Бугун, 1 декабрда ҳам “Оламедин” бозорида савдогарлар митинг ўтказди. Турли ҳисоб-китобларга кўра, намойишда 300 га яқин одам қатнашган, улар орасида “Таатан”, “Азиз” ва “Чинор” бозорларида ишлаётган тадбиркорлар ҳам бор.
LiveБарчаси