“Бир томонлама қўрқитиш тартибни бузди”. Си Цзиньпин йирик давлатларни ўрнак бўлишга чақирди
Олам
−
05 Январь 15454 2 дақиқа
Бир томонлама қўрқитиш халқаро тартибни жиддий равишда издан чиқарди. Барча мамлакатлар халқаро ҳуқуқ ва БМТ низомига амал қилиши керак. Бу ҳақда кеча, 4 январь куни Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Ирландия Бош вазири билан учрашув чоғида сўз очди.
Айни дамда Ирландия Бош вазири Михол Мартин Хитойга расмий ташриф билан борган.
“Бугунги дунё ўзгаришлар ва беқарорликка тўла, бир томонлама қўрқитиш эса халқаро тартибга жиддий зарар етказди. Барча давлатлар бошқа мамлакатлар халқлари томонидан мустақил танланган ривожланиш йўлини ҳурмат қилиши, халқаро ҳуқуқ ҳамда БМТ низомининг мақсад ва тамойилларига риоя қилиши лозим. Йирик давлатлар бу борада ўрнак бўлиши керак”, дейди Си Цзиньпин.
Унинг билдиришича, Хитой ва Ирландия кўп томонлама ёндашувни қўллаб-қувватлайди ҳамда халқаро майдонда адолат ва холислик тарафдори. Давлатлар БМТнинг нуфузини биргаликда ҳимоя қилиши зарур.
Хитой етакчиси, шунингдек, 2026 йилнинг иккинчи ярмида Ирландия Европа Иттифоқига раислик қилувчи мамлакат бўлишини эслатиб, Ирландия Хитой-ЕИ муносабатларининг соғлом ва барқарор ривожланишида конструктив роль ўйнашига умид билдирган.
Михол Мартин эса Ирландия “ягона Хитой” сиёсатига қатъий амал қилишини ва икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлашга содиқ эканини маълум қилган.
“Европа Иттифоқи ва Хитой ўртасидаги муносабатларнинг барқарор ривожланиши жуда муҳим. Ирландия ЕИ ва ХХР ўртасидаги алоқаларнинг соғлом ривожланишини илгари суришда конструктив роль ўйнашга тайёр”, дейди Ирландия Бош вазири.
Live
Барчаси