Бир неча банкларга огоҳлантирилиш берилди
Жамият
−
28 Февраль 2023
14730Банк назорати қўмитаси томонидан Ўзбекистондаги бир неча тижорат банкларига огоҳлантирилиш берилди. Бу ҳақда Марказий банкнинг Telegram каналида маълум қилинди.
Қайд этилишича, қўмита томонидан жорий йилнинг январь ойида 9 та йиғилиш ўтказилган бўлиб, уларда рухсат бериш тартиботи билан боғлиқ ва кредит ташкилотларининг молиявий ҳолатига доир жами 26 та масала кўриб чиқилган.
Рухсат бериш тартиботи йўналишида ўтказилган муҳокамалар банклар томонидан келишиш учун тақдим қилинган ҳужжатларни, жумладан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш, лицензиялаш, давлат реестридан чиқариш, дастлабки рухсат бериш ҳамда тўлов ташкилотларини реестрга киритиш билан боғлиқ масалалар кўрилган.
Молиявий ҳолатни кўриб чиқиш бўйича ўтказилган йиғилишларда эса кредит ташкилотларида пруденциал меъёрлар талабларининг бажарилиши юзасидан ўтказилган ўрганиш натижалари, хусусан, банклар ва микромолия ташкилотлари фаолиятида мавжуд хатарлар бўйича ўтказилган тематик ўрганишлар натижалари ҳамда тўлов ташкилоти фаолияти муҳокама қилинган.
Қўмита томонидан 2023 йилнинг январь ойи давомида аниқланган қоидабузарлик ҳолатлари бўйича банклар, нобанк микромолия ташкилотлари ва тўлов ташкилотларига нисбатан таъсирчан чоралар кўрилган.
Хусусан:
• тематик ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликлар юзасидан, яъни молиявий йўқотишларга қарши захиралар яратилмагани, кредит таваккалчиликларини камайтириш бўйича етарли таҳлиллар олиб борилмагани, муаммога айланиши мумкин бўлган кредитларни эрта аниқлаш, вужудга келишиши мумкин бўлган кредит таваккалчиликларини камайтириш бўйича етарли таҳлиллар олиб борилмагани, кредитлар мониторинги, ахборот тизими ва кредит қарздорликларини ундириш ишлари талаб даражасида ташкил этилмагани сабабли Ўзмиллийбанк, Микрокредитбанк, Алоқабанк, Туронбанк, Қишлоққурилишбанк ва Асакабанк огоҳлантирилган;
• иқтисодий санкциялар ва экспортга тақиқлар билан боғлиқ хатарларни бошқаришга доир юклатилган вазифалар ижросини таъминлашда камчиликларга йўл қўйган банклар – Капиталбанк, Анорбанк, Равнақ-банк огоҳлантирилган;
• “Cash U mikromoliya tashkiloti” масъулияти чекланган жамиятига “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг 4 ва 6-моддаларига амал қилинмаган ҳолда истеъмолчига хизматлар ҳақида ўз вақтида тўғри ва тушунарли маълумот берилмагани ва истеъмолчиларнинг хизмат ҳақида тўлиқ маълумот олиш ҳуқуқи бузилгани сабабли 30 млн сўм жарима қўлланилган.
Қонунчиликда белгиланган муддатларда ўз фаолиятини бошламагани учун “E-services House” масъулияти чекланган жамиятидан тўлов ташкилоти фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияси олинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь