Дунё етакчилари Мирзиёевга табрик йўллади

Жамият

image

Дунёнинг қатор мамлакатлари етакчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Наврўз айёми билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Саудия Арабистони Подшоҳи Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд 

“Ассалому алайкум ва Раҳматуллоҳи ва баракоту. Наврўз айёми муносабати билан Сиз, Жаноби Олийларига самимий қутловларимиз ва эзгу истакларимизни йўллаб, Сизга сиҳат-саломатлик ва бахт-саодат, биродар Ўзбекистон ҳукумати ва халқига давомий тараққиёт ва равнақ тилашдан мамнунмиз”, дея табрик йўллади Саудия Арабистони Подшоҳи.

Саудия Арабистони Валиаҳди, Вазирлар Маҳкамаси Раиси Муҳаммад бин Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд

“Ассалому алайкум ва Раҳматуллоҳи ва баракоту. Наврўз байрами  муносабати билан Сиз, Жаноби Олийларига самимий қутловларим ва эзгу истакларимни йўллаб, Сизга сиҳат-саломатлик ва бахт-саодат, биродар Ўзбекистон ҳукумати ва халқига янада тараққиёт ва равнақ тилашдан мамнунман”, дейилади Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд табригида.

Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған

“Муҳтарам Президент жаноблари, азиз қардошим. Табиат қайта жонланган, тупроқ уйғонган ва умидлар куртак отган Наврўз байрами муносабати билан Сиз Жаноби Олийларига ва дўст Ўзбекистон халқига энг самимий табрикларимни йўллайман. Асрлик қадим анъанамиз Наврўз - тинчликнинг, биродарликнинг ва бирдамликнинг аҳамиятини бу йил ҳам эслашимизга имконият яратмоқда. 

Наврўзнинг дунёда тинчликка бўлган умиднинг куртак очгани, халқаро мулоқот ва ҳамкорликнинг янги қирралар очган пайт хушхабарини келтиришини чин юракдан тилаб қоламан. Мамлакатларимиз ўртасидаги чуқур илдиз отган дўстлик ва биродарлик ришталарининг мустаҳкамланиши, ҳамкорлигимизнинг янада кучайиши бу Наврўзда ҳам самимий орзуларимиз орасида.

Ушбу мазмунли кун муносабати билан Сиз Жаноби Олийларига сиҳат-саломатлик, бахт-саодат, қардош Ўзбекистон халқига тинчлик, омонлик ва фаровонликка тўла келажак тилаб қоламан”, дейди Туркия етакчиси.

Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев

“Сизни ва қардош Ўзбекистон халқини улуғ айём - Наврўз байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман. Бу мамлакатларимизни кўп асрлик дўстлик, ўзаро англашув ва ҳурмат анъаналари билан боғлайдиган, шунингдек, табиатнинг янгиланиши ва тикланишининг рамзи бўлган ёрқин байрамдир. Ушбу файзли кунда халқларимиз бирдамлик ва фаровонлик йўлида бирлашсин.

Наврўз байрамининг муқаддас қадриятлари давлатлараро алоқаларимизни янада ривожлантириш, халқларимиз фаровонлиги йўлида юксак мақсад ва вазифаларни амалга оширишга хизмат қилишига қатъий ишонаман.

Ушбу қутлуғ айёмда Сизга, муҳтарам Шавкат Миромонович, мустаҳкам соғлик, битмас-туганмас куч-ғайрат, оилангизга бахт-саодат, қардош Ўзбекистон халқига эса тинчлик-осойишталик ва равнақ тилайман”, дея қутлов йўллаган Қозоғистон етакчиси.

Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров

“Ҳурматли Шавкат Миромонович! Сизни ва қардош Ўзбекистон халқини гўзал Наврўз байрами билан самимий муборакбод этаман. Бу ёрқин ва қувончли байрам баҳорда табиат уйғониши, бирлик ва дўстлик, тинчлик ва фаровонлик рамзидир. У халқларимизни боғлаб турган кўп асрлик дўстлик ва ўзаро англашув анъаналарини ифодалайди, умумий тарихга асосланган қардошлик муносабатларини мустаҳкамлайди. Ишончим комил, ўзаро ҳурмат, ишонч ва стратегик шерикликка асосланган ҳамкорлигимиз бундан буён ҳам барча даражада биргаликдаги саъй-ҳаракатлар тарзида давом этиб, халқларимизнинг порлоқ келажагига хизмат қилади. Муҳтарам Шавкат Миромонович, Сизга мустаҳкам соғлик ва давлат раҳбари сифатидаги фаолиятингизда муваффақиятлар, қардош ўзбек халқига эса тинчлик ва равнақ тилашга ижозат бергайсиз”, дейилади Садир Жапаров табригида.
 

Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон

“Ҳурматли Шавкат Миромонович! Халқаро Наврўз байрами муносабати билан энг эзгу ва самимий тилакларга йўғрилган самимий қутловларимизни қабул қилгайсиз. Қадимий тарихга эга ушбу байрам маданий мерос ва кўп асрлик анъаналаримиз муштараклиги ифодаси сифатида уни нишонлайдиган халқлар ўртасидаги алоқаларни тинчлик ва хавфсизлик, яхши қўшничилик, ўзаро ҳурмат ва қўллаб-қувватлаш ғоялари асосида мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнайди.

Наврўзнинг боқий бунёдкорлик анъаналари бизни халқларимиз ва мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш йўлида тинимсиз саъй-ҳаракат қилишга ундайди. Тожикистон томони Ўзбекистон билан стратегик шериклик ва иттифоқчилик доирасидаги давлатлараро муносабатларнинг бугунги даражасидан мамнун.

Ишончим комил, мамлакатларимиз ушбу қадимий байрамнинг юксак умуминсоний қадриятларига таянган ҳолда, кўп қиррали муносабатларни мазмунан бойитиш йўлида бундан буён ҳам биргаликда ҳаракат қиладилар. Ушбу қутлуғ кунларда Сизга мустаҳкам соғлик ва масъулиятли давлатчилик фаолиятингизда янги зафарлар, мамлакатингизнинг қардош халқига эса бахт-саодат, фаровонлик, тинчлик ва барқарорлик, изчил тараққиёт ва равнақ тилайман. Наврўз муборак!”, дейди Имомали Раҳмон.

 
Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов

“Ҳурматли Шавкат Миромонович! Халқаро Наврўз байрами муносабати билан Сизга ва Сиз орқали қардош Ўзбекистон халқига самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни йўллайман. Дунёнинг кўплаб мамлакатларида кенг нишонланадиган ушбу гўзал байрам баҳорнинг бошланиши ва табиатнинг уйғонишини англатади. Наврўз байрами турли халқлар ва маданиятлар ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади. Ушбу ёрқин байрам умид рамзи бўлиб, бугунги дунёда инсонпарварлик туйғуларини мустаҳкамлашга ундайди. Ушбу ажойиб байрам Сиз ва бутун мамлакатингиз халқи учун бахт, қувонч ва янги муваффақиятлар олиб келсин!”, дейилади Туркманистон Президенти табригида.


Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов

“Ҳурматли Шавкат Миромонович! Халқаро Наврўз байрами муносабати билан Сизга самимий табрикларим ва энг эзгу тилакларимни йўллаш мен учун шараф! Баҳорги тенгкунлик кунларида нишонланадиган халқаро Наврўз байрами инсониятнинг энг қадимий маданий меросларидан биридир. Илдизлари минг йиллар қаърига бориб тақаладиган ушбу гўзал байрам нафақат табиат уйғониши, балки ўзаро ҳурмат, тинч-тотув яшаш, бир-бирини англаш ва меҳнатсеварлик рамзидир. Ушбу қутлуғ айём Сиз ва бутун халқингизга тинчлик, қувонч ва янги ташаббуслар олиб келсин! ”, дейди Гурбангули Бердимуҳамедов.

 Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев

“Сизни ва қардош Ўзбекистон халқини миллий, маданий ва тарихий илдизлари чуқур бўлган Наврўз байрами билан самимий муборакбод этаман. Икки минг йилдан буён катта шоду хуррамлик билан нишонланиб келинаётган бу байрам заминнинг уйғониши, табиатнинг янгиланиши, инсониятнинг қайта туғилишини англатади. Наврўзи олам муборак бўлсин, қардош халқларимиз учун эзгу ишларнинг бошланиши бўлсин!

Ишончим комил, Озарбайжон - Ўзбекистон иттифоқи умумий тарихимиз, бой миллий ва маънавий қадриятларимиз, халқларимизнинг қардошлиги ва бирдамлигига таянган ҳолда бундан буён ҳам ривожланиб, саъй-ҳаракатларимиз билан мустаҳкамланиб бораверади. Ушбу қутлуғ айёмда Сизга ва оилангизга мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, қардош Ўзбекистон Республикаси ва унинг халқи фаровонлиги йўлидаги фаолиятингизда янги муваффақиятлар тилайман”, дея табриклайди Илҳом Алиев.
 

Эрон Ислом Республикаси Президенти Масъуд Пезешкиён

“Табиатнинг уйғониши, яхши келажакка умид ҳамда ҳижрий-шамсий янги 1404 йилнинг бошланиши чоғи бўлмиш улуғ ва қадимий Наврўз байрами билан Сиз Жаноби Олийларини ҳамда мамлакатингизнинг азиз халқини чин юракдан табриклайман. Баҳор табиатдаги мувозанат нуқтаси ҳамда меҳр-оқибат, якдиллик ва янгиланиш палласидир. Ҳижрий-шамсий янги йилда икки давлат муносабатларида ҳамда халқларимиз ҳаётида ажойиб ўзгаришларнинг гувоҳи бўламиз, деб умид қиламан. Қодир Эгамдан Сиз Жаноби Олийларига соғлик ва муваффақиятлар, Ўзбекистон Республикаси халқига бахт-саодат ва фаровонлик, Наврўз маданияти минтақаси давлатлари ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларига эса янада ривожланиш тилаб қоламан”, дейилади Масъуд Пезешкиён табригида.

Шунингдек, қуйидагилар ўз қутловларини йўллаган:

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Бош котиби Нурлан Ермекбаев;

Туркий Давлатлар Ташкилоти Бош котиби Кубаничбек Омуралиев;

Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти Бош котиби Асад Мажид Хон.

Эслатиб ўтамиз, бунгача Россия Президенти Владимир Путин, Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Шавкат Мирзиёевни Наврўз байрами билан табриклаган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев табрик Наврўз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг