Билл Гейтс собиқ рафиқасини миллиард долларлик фонд бошқарувидан четлаштириши мумкин

Олам 2063
image

Microsoft асосчиси Билл Гейтс ва унинг собиқ рафиқаси Мелинда Френч Гейтс ўзлари асос солган АҚШдаги энг катта хайрия жамғармасини биргаликда бошқариш имкониятини кўриш учун икки йиллик синов муддати олди. Бу ҳақда CNN хабар берган.  

“Агар икки йилдан сўнг, улардан қайси биридир ҳамраис сифатида биргаликда ишлашни давом эттира олмасликка қарор қилса, Френч Гейтс ҳамраис ва ишончли вакил лавозимларидан кетади”, деган Билл ва Мелинда Гейтснинг жамғармаси бош директори Марк Сузман. 

Сузманнинг сўзларига кўра, агар собиқ эр-хотинлар биргаликда ишламаса, Билл Гейтс ягона раҳбар бўлиб қолади. Мелинда Френч Гейтс эса ўз ихтиёрига кўра хайрия учун сарфлаши мумкин бўлган улушини олади. 

Таъкидланишича, ўтган ойда жамғарманинг асосий инвесторларидан бири, Билл Гейтснинг яқин дўсти, миллиардер Уоррен Баффет ишончли вакил сифатида истеъфога чиққан. 

“Менинг мақсадларим жамғарманинг мақсадлари билан 100 фоиз бир хил ва бу мақсадларга эришиш учун менинг жисмоний иштироким ҳеч қандай тарзда талаб қилинмайди”, деган у ўз ҳаракатини изоҳлаб. 

Маълумот ўрнида, Билл ва Мелинда Гейтс жамғармаси 2000 йилда очилган ва ҳозирда 50,7 миллиард долларлик активларга эга. 

Эслатиб ўтамиз, Билл Гейтснинг турмуш ўртоғи билан ажрашиши ҳақида жорий йилнинг май ойи бошида маълум бўлганди. Улар 27 йиллик турмуши давомида 3 фарзандни тарбиялаб, дунё бўйлаб фаолият юритувчи хайрия фондини ташкил қилди. Жуфтлик 1994 йилда Гавайи оролларида турмуш қурган.

Рушана Султонова
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 50
Рейтинг: 3.1
t
×