Миллиардер Билл Гейтс рафиқаси билан ажрашмоқда
Олам
−
04 Май 2021
9424Aмерика Қўшма Штатларидаги Microsoft корпорациясининг асосчиси Билл Гейтс ва унинг рафиқаси Мелинда ажрашиш ҳақида эълон қилди. Ушбу хабарни Гейтс кеча, 3 май куни ўзининг Twitter саҳифасида эълон қилди.
“Узоқ ўйланиб, муносабатларимиз бўйича кўп ишлардан сўнг, никоҳни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилдик”, дейилади твитда.
Билл ва Мелинда Гейтснинг сўзларига кўра, улар “эр-хотин сифатида янада ўсишларининг” иложи йўқ. Шу билан бирга, улар ўзлари яратган хайрия фонди доирасида биргаликда ишлашни давом эттиришга ваъда берди.
Билл Гейтс ва Мелинда Френч 1994 йилда турмуш қурган. Уларнинг учта фарзанди бор.
“27 йил давомида биз уч нафар ажойиб фарзандни тарбияладик ва дунё бўйлаб одамларнинг соғлом ҳамда самарали ҳаёт кечиришига ёрдам берадиган пойдевор яратдик”, дейилади хабарда.
Эр-хотин ажрашиш жараёнининг молиявий томонини ошкор қилмаган. Билл Гейтс “Forbes” журнали талқинига кўра, тахминан 130,5 миллиард долларлик бойлик билан дунёдаги энг бой одамлар ичида тўртинчи ўринда туради. Шунингдек, “Forbes” Мелинда Гейтсни 2020 йил охирида дунёдаги энг нуфузли аёлларнинг бешинчиси деб топганди.
2000 йилдан бери Билл ва Мелинда Гейтслар тахминан 50 миллион АҚШ долларлик хайрия жамғармасига раҳбарлик қилди. Ташкилотнинг асосий фаолият йўналишлари ривожланаётган мамлакатларда хавфли касалликларга қарши кураш, АҚШдаги соғлиқни сақлаш ва таълим дастурлари билан шуғулланиш эди. Жамғарма орқали коронавирусга қарши вакцинани ишлаб чиқиш ва пандемия остидаги энг заиф одамларни қўллаб-қувватлаш учун юз миллион доллар маблағ ажратилган.
1975 йилда Гейтс ва Пол Аллен томонидан ташкил этилган Microsoft дунёдаги энг йирик шахсий компьютерлардан тортиб мобил телефонларгача бўлган қурилмалар учун дастурий таъминот ишлаб чиқарувчилардан бири ҳисобланади. Microsoft’нинг бош офиси Вашингтон штатидаги Редмондда жойлашган.
LiveБарчаси