Билл Гейтс Microsoft’дан кетди

Технология 4132
image

Microsoft корпорациясининг асосчиларидан бири бўлган америкалик тадбиркор Билл Гейтс директорлар кенгашидан истеъфога чиқди. Бу ҳақда компания баёнотида маълум қилинган.   

Ҳужжатда айтилишича, Гейтс “хайрия ишларига кўпроқ вақт ажратиш, жумладан, дунё соғлиқни сақлаш, ривожланиш, таълим ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш учун” шу қарорга келган. Баёнотда айтилишича, Гейтс Microsoft бош директори ва унинг бошқа раҳбарларининг техник маслаҳатчиси бўлиб қолаверади. Ҳозирда компанияга Сатя Наделла раҳбарлик қилиб келмоқда. 

Компанининг маълум қилишича, 2008 йил июнь ойидан бери Гейтс ўзи ва рафиқаси Мелинда асос солган хайрия жамғармасига кўпроқ вақт ажратиш учун Microsoft’нинг ишлари устида бош қотиришни қисқартирган. Баёнотга кўра, ҳозирда Microsoft директорлар кенгашида 12 киши қолган. 

Наделла таъкидлаганидек, “Microsoft Гейтснинг технологияга бўлган иштиёқидан, унинг маҳсулот ва хизматларни ривожлантириш бўйича маслаҳатларидан фойда кўришда давом этади”.

Шунингдек, Гейтс LinkedIn’да Уоррен Баффетнинг Berkshire Hathaway инвестиция жамғармаси директорлар кенгашидан чиқиб кетишга қарор қилганини эълон қилди. 

“Microsoft ва Berkshire Hathaway ҳеч қачон бундай кучли етакчиликка эга бўлмаган, шунинг учун бу қадамни ташлаш учун энг тўғри дақиқадир", деб ёзди Гейтс. 

Маълумот ўрнида, Microsoft компаниясига 1975 йилда Гейтс ва Пол Аллен томонидан асос солинган. 

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 180
Рейтинг: 3
t
×