Билл Гейтс инсониятни коронавирусдан ёмонроқ пандемия кутаётганини башорат қилди
Олам
−
20 Январь 2022
12740Келажакда дунё коронавирус пандемиясиданда кўпроқ ўлим ёки оғир касалликларга олиб келадиган патогенга дуч келиши мумкин. Microsoft компанияси асосчиси Билл Гейтс шундай башорат қилди.
Гейтснинг айтишича, янада юқумлироқ вируслар хавфи сақланиб қолмоқда. У барча давлатларни кейинги эпидемияларга қарши курашиш учун миллиардлаб маблағ ажратишга чақирди.
Унинг сўзларига кўра, айни дамда тўлиқ эмланмаслик муаммосини ҳал қилиш масъулияти бой мамлакатлардаги хайриячилар ва ҳукуматларга юкланган.
Microsoft асосчиси кейинги пандемияга тайёргарлик кўриш учун инновацияларни ишлаб чиқиш, соғлиқни сақлаш соҳасидаги бошқа муаммоларни ҳал қилишда фойдали бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Миллиардер, улар орасида ОИВ инфекциясига қарши вакцина, шунингдек сил ва безгакка қарши самаралироқ дори воситалари яратилиши кераклигини айтиб ўтди.
Гейтс аввалроқ, “omicron” штамми тўлқини пасайганидан кейин дунёда коронавирус инфекциялари сони камайишини башорат қилган эди. Унинг таъкидлашича, COVID-19 нинг ушбу штамми билан касалланиш вакцина олмаганларда оғир кечади.
Шунингдек, Буюк Британия Билл ва Мелинда Гейтс Жамғармаси ҳамда Британиянинг “Welcome Trust” хайрия ташкилоти билан ҳамкорликда янги пандемияларнинг олдини олиш бўйича халқаро ҳаракатлар режасини ишлаб чиққани маълум бўлганди.
АҚШда жойлашган “Novavax“ биотехнологик фирмаси эса Microsoft асосчиси Билл Гейтсдан коронавирус вакцинаси учун 388 миллион доллар олганди.
Билл коронавирусдан ҳимояланиш учун инсонлар уч марта эмланиши кераклиги ҳақида ҳам фикр билдирганди. Бундан ташқари, у коронавирус пандемияси тугаганидан кейин иқлим таҳдиди ҳамда биотерроризм инсониятга зарар етказиши мумкинлигини айтганди.
LiveБарчаси