Билл Гейтс фарзандларини меросининг катта қисмидан маҳрум қилди
Олам
−
11 Апрель 9203 2 дақиқа
Америкалик миллиардер, Microsoft компанияси асосчиси Билл Гейтс фарзандларига қандай мерос қолдиришни режалаштираётганини очиқлади. Бу ҳақда “Page Six” нашри хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, яқинда Гейтс машҳур ҳинд блогери Ражу Шаманига интервью берган. Суҳбат давомида турли урф-одатлар ҳақида ҳам сўз юритилган. Шамани Ҳиндистонда ота-оналар болалари учун иложи борича кўпроқ пул йиғишга интилишини ва камдан-кам ҳолларда хайрия ишларига маблағ сарфлашини айтган. Бунга жавобан Гейтс фарзандларига бойлигининг асосий қисмини мерос қилиб қолдирмаслигини маълум қилган.
“Болаларим яхши тарбия ва таълим олишди, бироқ улар менинг бойлигимдан бир фоиздан ҳам камини олади. Мен бу (катта мерос) уларга фойда келтирмайди, деб ҳисоблайман. Биз сулола эмасмиз. Мен улардан Миcрософтни бошқаришини сўраганим йўқ”, дейди миллиардер.
69 ёшли Гейтс ва унинг собиқ рафиқаси Мелинданинг уч фарзанди бор: 28 ёшли Женнифер, 25 ёшли Рори ва 22 ёшли Фиби. “Page Six”нинг ёзишича, Гейтснинг бойлиги ҳозирда 105 миллиард доллар деб баҳоланмоқда. Шундай экан, ундан бир фоиз ҳам бир миллиард доллардан кўпроқни ташкил қилади.
“Мен уларга ўз йўлларини топиш, ўз меҳнатлари эвазига муваффақият ва даромадга эришиш имконини беришни истайман. Улар менинг ақл бовар қилмас омад ва бойлигим соясида қолиб кетишини хоҳламайман”, дея қўшимча қилган Гейтс.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Forbes” нашри миллиардерларнинг янгиланган рейтингини эълон қилган эди. Ушбу рейтингда Гейтснинг ватандоши Илон Маск 1-поғонадан жой олган бўлса, унинг ўзи 100 миллиард доллардан ортиқроқ бойлик билан 13-ўринда қайд этилган.
Live
Барчаси